«Манчестер Сити» бош мураббийи Энцо Мареска Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг майдондаги позицияси ҳақида фикр билдирди. Италиялик мутахассис бу ҳақда Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 5-тури доирасидаги «Наполи»га қарши баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
«Манчестер Сити» расмий сайти хабарига кўра, жамоа ҳимоячиси Матеуш Нунеш жароҳатидан фориғ бўлиб, «Наполи»га қарши баҳсда иштирок этишга тайёр. Португалиялик футболчи АПЛнинг сўнгги турида «Фулҳэм»га қарши баҳсни (1:1) ўтказиб юборган, унинг ўрнида ўнг қанот ҳимоячиси сифатида Абдуқодир Ҳусанов ҳаракат қилганди.
Марескадан ўзбекистонлик футболчининг қайси позицияда самаралироқ ўйнаши сўралди.
«Иш бошлаганимиздан буён ўнг қанотда Рико Люисдан фойдаландик, аммо Ҳусанов ҳам бу позицияда ўйнай олади. Мен жамоада тўғри мувозанатни топишга ҳаракат қиляпман.
Агар Ҳусанов қанот ҳимоясида ёки марказий ҳимояда яхшироқ ўйнайдими, деб сўрасангиз, шубҳасиз, у марказий ҳимоячи сифатида кучлироқ.
Бироқ ҳаммаси муайян ўйин ва ихтиёримиздаги футболчиларга боғлиқ. Рико ҳозиргача жуда яхши ҳаракат қилди», — деди Мареска.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Нунеш сафга қайтганига қарамай, кетма-кет баҳслар сабаб айрим футболчиларда жисмоний чарчоқ аломатлари кузатилмоқда. Шу боис «Наполи»га қарши ўйиннинг асосий таркиби якуний машғулотдан кейин аниқланади.
«Матеуш сафга қайтди. Ҳозирча фақат Антуан Семено ўйнай олмайди. Бошқа футболчиларнинг ҳолати бўйича айрим шубҳалар бор. Бугунги машғулотдан кейин қарор қабул қиламиз.
Мавсум давомида 65 та баҳс ўтказишимиз мумкин. Шунинг учун футболчиларни тўғри бошқаришимиз керак. Ҳар бир ўйинда энг кучли таркибни туширишни хоҳлайман, аммо бундай қилсак, футболчиларни ҳаддан ташқари чарчатиб қўямиз», — дея мураббийнинг сўзларини келтиради клуб расмий сайти.
Маълумот учун, «Манчестер Сити» Чемпионлар лигаси умумий босқичининг дастлабки 4 турида 3 та ғалабага эришиб, 9 очко билан турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» — «Наполи» баҳси 24 ноябр куни Манчестердаги «Этиҳад» стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 25 ноябрга ўтар кечаси соат 01:00 да бошланади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади