Европа клуб футболи яна энг нуфузли мусобақа — Чемпионлар лигаси билан давом этади. 24–25 ноябр кунлари умумий босқичнинг 5-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Мусобақа аста-секин ҳал қилувчи паллага яқинлашмоқда: жамоаларнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари учун ҳар бир очконинг аҳамияти ортиб бормоқда. Tribuna.uz нашри бўлажак баҳс олдидан жамоаларнинг имкониятларига тўхталди.
Эмери Истанбулда синовдан ўтади

Турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири «Галатасарой» ва «Астон Вилла» ўртасида кечади. Истанбулликлар мусобақани кетма-кет икки мағлубият билан бошлаган бўлса-да, кейинги икки турда «Лилл» (4:2) ва «Штутгарт» (2:0) устидан ғалаба қозониб, вазиятни ўнглашга муваффақ бўлди. Айниқса, жамоанинг россиялик яримҳимоячиси Алексей Батраковнинг ўйинлари диққатга сазовор. У Чемпионлар лигасидаги сўнгги учта учрашувда кетма-кет голли ҳаракатларни амалга оширди. «Барселона» дарвозасига гол урган футболчи «Лилл» билан баҳсда бир гол ва бир голли узатма муаллифи бўлди, Эмери бошчилигидаги «Астон Вилла» жиддий рақиб. Бирмингҳэмликлар мусобақани кетма-кет учта ғалаба билан бошлаган, аммо сўнгги турда «Барселона»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Истанбулдаги муҳит ва мухлисларнинг кучли қўллаб-қувватлаши меҳмонлар учун жиддий синов бўлиши мумкин.
«Реал» бешинчи ғалабасини қўлга киритадими?

Жозе Моуринио бошчилигидаги «Реал» Чемпионлар лигасининг бу мавсумида ҳозирча мукаммал натижа қайд этмоқда. Мадридликлар дастлабки тўртта учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, 12 очко жамғарди.
Навбатдаги рақиб — Нидерландиянинг ПСВ клуби. Бироқ ПСВни осон рақиб деб бўлмайди. Эйндховенликлар ички чемпионатда юқори натижалар кўрсатмоқда ва 13 турда 44 та гол уришга улгурган. Шунинг учун меҳмонлар ҳам «Сантяго Бернабеу»да ҳужумкор футбол намойиш этишга ҳаракат қилиши мумкин. Қизиғи, жамоалар расмий учрашувларда 1989 йилдан буён ўзаро тўқнаш келмаган. Энди уларнинг йўллари яна кесишади.
«Сабаҳ» «Барселона»га қаршилик кўрсата оладими?

Турнинг энг диққатга сазовор воқеаларидан бири «Барселона»нинг Озарбойжон сафари бўлади. Каталония клуби Бокуда маҳаллий «Сабаҳ» меҳмони бўлади. Ҳанси Флик жамоаси учун ушбу баҳснинг аҳамияти катта. «Барселона» умумий босқичда тўғридан тўғри 1/8 финалга йўлланма олиш учун юқори ўринларни эгаллаши керак. Жамоа аввалроқ «ПСЖ»га мағлуб бўлгани сабабли энди очко йўқотишни истамайди.
«Сабаҳ» эса ўз майдонида анча ноқулай рақиб эканини кўрсатиб улгурди. Озарбойжонликлар «Боруссия Д»га жиддий қаршилик кўрсатган ва Чехиянинг «Славия» клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этган.
Албатта, таркиб ва тажриба борасида «Барселона» устунликка эга. Дарвоқе, Ямал ушбу баҳсда иштирок этмайди. Бу албатта ўйинда ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.
«Бавария» Кейнсиз ҳам ғалаба қозонадими?

«Бавария» учун 5-турдаги энг катта муаммо таркибдаги йўқотишлар билан боғлиқ. Мюнхенликлар «Лилл»га қарши сафар учрашувида жамоанинг етакчи ҳужумкорлари Ҳарри Кейн ва Майкл Олисесиз майдонга тушади. Ҳар икки футболчи «Кёлн»га қарши Бундеслига учрашувида жароҳат олган. Бундан ташқари, Жамол Мусиаланинг ҳам соғлиғи билан боғлиқ муаммолари давом этмоқда. Шу боис Венсан Компани учун ҳужум чизиғида муносиб ечим топиш осон бўлмайди. «Бавария» дастлабки тўрт турда икки марта очко йўқотди. «Арсенал» ва «Викинг» билан дуранг ўйнаган мюнхенликлар энди яна бир хатога йўл қўйишни истамайди. «Лилл» эса ҳозиргача Чемпионлар лигасида бор-йўғи бир очко жамғарган. Франция клуби учун ҳам бу учрашув мусобақадаги вазиятни ўзгартириш имконияти ҳисобланади.
Парижда муҳим тўқнашув

Турнинг яна бир қизиқарли баҳси Парижда бўлиб ўтади. Амалдаги Европа чемпиони «ПСЖ» Италиянинг «Рома» клубини қабул қилади. Парижликлар дастлабки тўрт турда 12 очко жамғариб, турнир пешқадамларидан бирига айланган. Луис Энрике жамоаси бу учрашувларда рақиблар дарвозасига 20 та гол уришга муваффақ бўлди. «Рома» учун эса Париж сафари жиддий синов бўлади. Римликлар Чемпионлар лигасидаги сўнгги 11 та сафар учрашувида фақат бир марта ғалаба қозонган. Энрике жамоаси ўз майдонидаги устунликдан фойдаланишга ҳаракат қилади. «Рома» эса турнир жадвалидаги мавқеини яхшилаш учун Париждан очко билан қайтишни мақсад қилади.
Почеттино «МЮ» билан Чемпионлар лигасидаги дебютини ўтказади

Эътибор марказидаги яна бир воқеа — Маурисио Почеттинонинг «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи сифатида Чемпионлар лигасидаги илк учрашуви бўлади. Англия клуби сафарда Португалиянинг «Спортинг» жамоаси билан куч синашади. Лиссабонликлар тўрт турдан кейин 9 очко жамғарган бўлса, «Манчестер Юнайтед» ҳисобида 6 очко бор. «Спортинг» ўз майдонида анча хавфли рақиб ҳисобланади. Бироқ Почеттино учун бу баҳс янги жамоасидаги ишини Европа майдонида ҳам намойиш этиш имкониятидир. Англия клуби яқинда АПЛда «Ливерпул»га 0:4 ҳисобида мағлуб бўлгани сабабли, мураббий ва футболчилар мухлислар ишончини тиклашга ҳаракат қилади.
Турнинг бошқа қизиқарли учрашувлари
5-тур дастуридан яна бир қатор муҳим баҳслар ўрин олган. Жумладан, «Арсенал» Дортмунднинг «Боруссия»сини қабул қилади. «Манчестер Сити» эса Италиянинг «Наполи» клуби билан куч синашади. Шунингдек, «Ливерпул» Белгияда «Брюгге» меҳмони бўлади, «Интер» «Штутгарт» билан, «Шахтёр» эса «Фенербаҳче» билан баҳс олиб боради.
5-тур учрашувлари:
24 ноябр (сешанба)
22:45. Галатасарой — Астон Вилла
22:45. Будё-Глимт — ЛАСК
01:00. Реал — ПСВ
01:00. Ман Сити — Наполи
01:00. Арсенал — Боруссия Д
01:00. Фейеноорд — Порту
01:00. Комо — АЕК
01:00. Слован — Бетис
01:00. Лейпциг — Ланс
25 ноябр (чоршанба)
22:45. Сабаҳ — Барселона
22:45. Славия — Вилярреал
01:00. Лилл — Бавария
01:00. ПСЖ — Рома
01:00. Спортинг» — Манчестер Юнайтед
01:00. «Брюгге» — Ливерпул
01:00. Атлетико — Викинг
01:00. Интер — Штутгарт
01:00. Шахтёр — Фенербаҳче.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади