«Арсенал» бош мураббийи Микел Артета жамоа ҳимоячиси Вилям Салиба Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши Чемпионлар лигаси баҳсида майдонга тушишга тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳақидаги саволга жавоб берди.
«Биз уни аста-секин ўйинга қайтарамиз. Англия Премер-лигаси ва Чемпионлар лигасининг энг кучли клубларига қарши баҳслардаги рақобат даражаси бошқа ўйинларникидан фарқ қилади. Бу мутлақо бошқа савия. Шу сабабли унга ўйин амалиётини босқичма-босқич беришимиз ва бунинг учун муносиб вақтни танлашимиз керак», — дея Артетанинг сўзларини келтиради Арсенал Радар.
Эслатиб ўтамиз, Салиба Жаҳон чемпионати вақтида жиддий жароҳат олган ва ушбу мавсум бошидаги баҳсларни ўтказиб юборган эди. Франциялик ҳимоячи Англия Премер-лигасининг сўнгги турида «Нюкасл»га қарши кечган баҳсда (2:2) илк бор янги мавсумда жамоа қайдномасига киритилди, бироқ майдонга тушмади.
Маълумот учун, «Арсенал» бугун, 24 ноябр куни Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 5-тури доирасида Дортмунднинг «Боруссия» клубини қабул қилади. Беллашув Тошкент вақти билан 25 ноябрга ўтар кечаси соат 01:00 да бошланади.