Италия миллий жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини Миллатлар лигаси 5-тури доирасида Францияга қарши кечадиган баҳс олдидан Килиан Мбаппенинг ушбу беллашувда иштирок эта олмаслиги ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
«Мен Мбаппега таваккал қилмасликни маслаҳат берган бўлардим. Чунки олдинда Чемпионлар лигаси баҳслари бор ва у яхшилаб тикланиб олиши керак. Бироқ Францияда кучли ҳужумчилар жуда кўп, шу сабабли бу унчалик катта муаммо эмас», — дея Манчинининг сўзларини Жанлука Ди Марцио келтирмоқда.
Маълумот учун, Италия ва Франция ўртасидаги баҳс 12 ноябр куни Миландаги «Сан-Сиро» стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 13 ноябрга ўтар кечаси соат 00:45 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу баҳс Миллатлар лигаси А лигаси 1-гуруҳининг 5-тури доирасида ўтказилади.