«Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 5-тури доирасида «Галатасарой»га қарши баҳс олдидан жамоасининг машғулотни Англияда ўтказишига изоҳ берди.
Ушбу қарор Истанбул клубининг уй стадиони — «РАМС Парк» майдонида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билан боғлиқ. Шу сабабли бирмингемликлар Туркияга йўл олишдан бир кун олдин машғулотни ўз базасида ўтказди.
«Бу бизнинг одатий ёндашувимизни ўзгартирмайди. Биз аввал Боудмур-Ҳитдаги базамизда шуғулланиб, кейин бошқа мамлакатга йўл олишни афзал кўрамиз. Айрим ҳолатларда бундан истисно қиламиз. Узоқ сафар ва вақт минтақаси ўзгариши кутилганида, мезбон мамлакатда машғулот ўтказамиз. Ўтган йили «Фенербаҳче» билан баҳс олдидан ҳам шундай қилганмиз.
Албатта, агар стадионда машғулот ўтказиш имконияти бўлганида, эҳтимол, шундай қарорга келган бўлардик. Аммо бу бизнинг тартибимизни ўзгартирмайди.
Бу баҳона эмас, чунки вазият иккала жамоага ҳам бирдек тааллуқли. Биз тайёрмиз, диққатимизни жамлаганмиз ва рақибни таҳлил қиляпмиз», — дея Эмерининг сўзларини келтиради BBC.
Эслатиб ўтамиз, «Галатасарой» ва «Астон Вилла» ўртасидаги баҳс бугун, 24 ноябр куни Истанбулда бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.