«Галатасарой» устози Окан Бурук «Самсунспор»га қарши ўйиндан кейин якуний ҳуштак чалиниши билан майдонда қизил карточка олгани сабабли «Бешиктош»га қарши дербини ўтказиб юборади.
Жамоа Туркия чемпионатининг 12-турида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашув якунига етгач, мураббий футболчиларини табриклаш учун майдонга тушди ва йўл-йўлакай лайнсменлардан бири билан қўл бериб кўришди, бош ҳакамга эса қўл узатмади.
Шундан сўнг бош ҳакам мураббийга иккинчи сариқ карточкани кўрсатди. Бурук биринчи сариқ карточкани учрашув давомида ҳакам билан баҳслашгани учун олганди.
Бурукнинг ёрдамчиси Ирфон Саралўғли ҳакамнинг қарорини танқид қилди. Унинг айтишича, мураббий ўзига яқин турган ҳакам билан қўл бериб кўришган, аммо бошқа ҳакам билан саломлашмагани учун қизил карточка олган.
«Мураббий футболчиларни табриклаш учун майдонга чиқди. У футболчилари томон йўналди.
Гўёки ҳамма билан қўл бериб кўришиш мажбурий деган қоида бордек. У ўзига яқин турган ҳакам билан қўл бериб кўришди ва футболчилари олдига кетди. Аммо унга қизил карточка кўрсатилди!» — деди Саралўғли.
«Галатасарой» Суперлиганинг 13-турида 30 ноябр куни «Бешиктош» билан баҳс олиб боради. Дисквалификация сабабли Окан Бурук бўлажак ўйинда жамоасини майдон четидан туриб бошқара олмайди.
«Галатасарой» бош мураббийи ҳакам билан қўл бериб кўришмагани учун қизил карточка олди
Футбол
21 ноябр, 16:10
Энди Окан Бурук Истанбул дербисини ўтказиб юборади.
Foto: Getty Images
21.11.2026
FT
Туркия Суперлигаси
Галатасарай
2
:
1
Самсунспор