«Фенербаҳче», «Галатасарой» ва «Ювентус» «Интер» яримҳимоячиси Ҳакан Чалхонўғли билан боғлиқ вазиятни кузатмоқда. Инсайдер Экрем Конур Х ижтимоий тармоғида хабар беришича, миланликлар туркиялик футболчи билан шартномани узайтириш ниятида, бироқ унинг маошини камайтиришга умид қилмоқда.
Манба маълумотига кўра, «Интер» ва Чалхонўғли ўртасидаги музокаралар янги битим шартларига доир турлича қарашлар сабаб мураккаблашган. Футболчи амалдаги шартномасида кафолатланган 6,5 миллион еврога яқин йиллик маош олишни истамоқда.
Чалхонўғлининг «Интер» билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади. ФИФА қоидаларига кўра, 32 ёшли яримҳимоячи 2027 йилнинг январидан бошлаб ёзда эркин агент сифатида бошқа клубга ўтиш бўйича исталган жамоа билан музокара олиб бориши мумкин.