Live
12
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Ал Ҳилол»га қарши энг яхши ўйинларимиздан бирини намойиш этмоқчимиз»

Эксклюзив
22 ноябр, 07:28
Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Ислом Исмоилов: «Ал Ҳилол»га қарши энг яхши ўйинларимиздан бирини намойиш этмоқчимиз»
Фото: Нефтчи ПФК
23.11.2026, 08:45 Осиё Чемпионлар Лигаси Нефтчи Нефтчи - : - Аль-Хиляль Аль-Хиляль

Элит Осиё Чемпионлар лигаси 5-турида «Нефтчи» Фарғонада «Ал Ҳилол»ни қабул қилади. Бу ўйин олдидан «чинорлар» бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Эртага бизни жуда мураккаб баҳс кутмоқда. «Ал Ҳилол» - Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Рақиб таркиби, футболчиларнинг индивидуал маҳорати ва жамоанинг қўлга киритган ютуқлари хусусида ортиқча тўхталмоқчи эмасман. Бироқ биз ҳам ушбу турнирда шунчаки қатнашмаяпмиз. «Нефтчи» ўз олдига аниқ мақсадлар қўйган, ўзига хос характер ва юксак амбицияларга эга жамоа. Эртага шогирдларимдан майдонда жасорат намойиш этиб, сўнгги дақиқаларгача курашишларини ҳамда фарғоналик мухлисларни хушнуд этишларини кутамиз. Бу йўлда жамоамизнинг салоҳияти етарли деб ҳисоблайман. Бўлажак баҳсга биз тўлиқ тайёрмиз.

- «Ал Ҳилол» таркибида тажрибали ўйинчилар кўп. Айни пайтда рақибнинг айнан қайси жиҳатлари сизни кўпроқ ҳавотирга солмоқда?

- Рақиб хусусида юқорида ҳам айтдим. «Ал Ҳилол» кучли жамоа ва буни эътироф этиш лозим. Бироқ рақиб ким бўлишидан қатъи назар, биз ҳар қандай, жумладан, кучли жамоаларга қарши баҳсларда ҳам фақат ҳимояланиш билан чекланмасдан, ўзимизга хос юқори прессинг ва вертикал футбол услубини қўллашга интиламиз. Биласиз, ҳар бир жамоанинг кучли ва ожиз томонлари бўлади. Бундан унумли фойдаланишга эътибор берилади. Аммо на жамоада, на менда ҳеч қачон қўрқув бўлмайди. Биз рақибга доимо ҳурмат билан ёндашамиз, бироқ майдонга ўзимизга бўлган ишонч билан чиқамиз. Шу боис ҳозирги вазиятда «Ал Ҳилол»нинг айнан қайсидир бир жиҳати мени хавотирга солмоқда, дея олмайман.

- Рақиб жамоа ҳақида ОАВда роса ёзишмоқда. Турли кўрсаткичлар солиштирилмоқда. Бу борада футболчиларингизга қандай кўрсатмалар беряпсиз?

- Майдонда футболчиларнинг трансфер қиймати, клубнинг аввалги натижалари ёки мақоми эмас, балки жамоанинг ўзи курашади ва учрашув бошлангач, бу омиллар ўз аҳамиятини йўқотади. Зеро, футбол – жамоавий ўйин. Юқорида айтганимдек, биз ушбу ўйинга жисмонан ва руҳан тайёрмиз. Эртага энг яхши ўйинларимиздан бирини намойиш этамиз. Ҳар бир беллашувдаги бош мақсадимиз – ғалаба қозониш. Юқорида таъкидлаганимдек, рақиб ким бўлишидан қатъи назар, ҳеч кимдан чўчимаймиз, барчани ҳурмат қиламиз, аммо майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз.

- Суперлигада жамоа чемпионлик масаласини деярли ҳал қилди. Бу орқали Элит ОЧЛ йўлланмасига ҳам эга бўлди. Футболчиларнинг эртанги ўйинга руҳий тайёргарлиги қай даражада?

- Ҳозир сиз «деярли» сўзини ишлатдингиз. Лекин биз ҳали расман чемпион эмасмиз. Бундан ташқари, келаси мавсумдаги иштирокимиз ҳам ҳозирча аниқ эмас. Шу боис кейинги йил ҳақида фикр билдиришга ҳали эрта. Беш тур аввал ҳам бизни чемпион деб аташган эди, бироқ чемпионлик ҳали қўлга киритилгани йўқ. Расмий натижа эълон қилинмагунича бундай гапларга ишонмаймиз. Яна айтаман, эртанги баҳс жуда масъулиятли баҳс. Буни жуда яхши англаб турибмиз», - деди Исмоилов.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
  • Аль-Хиляль Аль-Хиляль
  • Осиё Чемпионлар Лигаси Осиё Чемпионлар Лигаси
Бугунги янгиликлар