«Манчестер Юнайтед» сардори Бруну Фернандеш клуб унга янги шартнома таклиф қилганини тасдиқлади. Бироқ португалиялик яримҳимоячи Англия Премер-лигасида жамоанинг омадсиз натижалари сабаб музокараларни вақтинча ортга суришга қарор қилган.
«Клуб менга янги шартнома таклиф қилди. Менимча, бу уларнинг мени жамоада сақлаб қолиш истагини кўрсатади. Ҳозир ҳеч қандай музокара олиб борилмаяпти. Аммо айримларнинг: «У кўпроқ пул сўради, шартномани узоқроқ муддатга узайтиришни истади», деган гапларини кўрдим.
Агар кўпроқ пул истаганимда, бу ерда бўлмасдим. Менда «Манчестер Юнайтед»дагидан анча кўпроқ маош тўланадиган жойга кетиш имконияти бўлган. Манчестердагидан анча илиқроқ жойда ҳам бўлишим мумкин эди. Икки йил олдин, уч йил аввал, ўтган ёзда ҳам кетиш имкониятим бор эди. Аммо ҳар сафар шу ерда қолишни танладим.
Ўтган мавсум якунида ва ушбу мавсум бошида шартнома ҳақида гаплашганмиз. Бироқ жамоа ва клубдаги вазиятни ҳисобга олиб, бу масалани вақтинча четга сурдим. Ҳозир музокара олиб бориш мен учун ҳам, клуб учун ҳам муносиб пайт деб ҳисобламайман. Энг муҳими, клуб яна ғалаба қозонишни бошлаши керак», — деди Фернандеш Sky Sports нашрига берган интервюсида.
Маълумот учун, португалиялик футболчи 2020 йилнинг январ ойи охирида «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ португалиялик футболчи агар «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти истаса клубдан кетиши мумкинлигини таъкидлаган эди.