Live
12
Ўзбек

Фернандеш «МЮ»дан кетишга тайёрлигини маълум қилди

Футбол
22 ноябр, 04:00
Жамоа сардори клуб раҳбарияти энди унга ишонмаса, бошқа қарор қабул қилишга тайёр.
Фернандеш «МЮ»дан кетишга тайёрлигини маълум қилди
Foto: Getty Images
22.11.2026, 11:30 Англия Премер-лигаси Ливерпул Ливерпул - : - Манчестер Юнайтед Манчестер Юнайтед

«Манчестер Юнайтед» сардори Бруну Фернандеш жамоанинг узоқ йиллардан буён Англия чемпионлигини қўлга кирита олмаётгани сабаб футболчиларга билдирилаётган танқидларга муносабат билдирди. Шунингдек, португалиялик яримҳимоячи клуб раҳбарияти уни жамоага энди фойда келтира олмайди деб ҳисобласа, кетишга тайёрлигини айтди. Унинг сўзларини Sky Sports келтирди.

«Клуб охирги марта чемпионликни жуда-жуда узоқ вақт олдин қўлга киритган. Ўшанда ҳозирги футболчилардан бирортаси ҳам бу ерда эмасди. Шунинг учун одамлар: «Бу футболчилар чемпион бўла олмайди», дейишлари табиий. Ҳамма муаммога айланади, бу эса одатий ҳол.

Бу ерда ўз клубларида барча совринларни ютган футболчилар билан бирга ўйнаш бахтига муяссар бўлдим. Хуан Мата футболдаги барча совринларни қўлга киритган. Давид де Хеа ушбу клуб билан совринлар ютган. Пол Погба ҳамма жойда ғалаба қозонган. Неманя Матич ҳам шундай. Ҳатто Златан Ибраҳимович ҳам. Уларнинг барчаси совринлар ютган, аммо клубни яна чўққига олиб чиқиб, АПЛ чемпионлигини қўлга киритишнинг уддасидан чиқа олмаган.

Бу ерда турли клубларда чемпионликни қўлга киритган кўплаб мураббийлар ишлаган, бироқ улар ҳам «Юнайтед»га АПЛ чемпионлигини қайтара олишмаган. Шу сабабли футболчиларга босим ҳақидаги гаплар йилдан йилга такрорланади, деб ҳисоблайман. Клубда энг узоқ вақт қолган футболчилар бошқаларга қараганда кўпроқ танқидга учрайди. Бу ерда узоқ вақт фаолият юритишнинг ўзига хос томони шундай — биз бошқаларга қараганда узоқроқ вақт муаммо сифатида кўриламиз.

Мен клубга шуни айтдим: агар раҳбарият «Юнайтед»ни муносиб ўрнига қайтаришга ёрдам бера оладиган инсон энди мен эмасман, деб ҳисобласа, кетишга тайёрман. Чунки мен ҳам совринлар ютишни истайман. АПЛ ва Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишни хоҳлайман. Буни ҳеч қачон яширмаганман. Бунга эриша оламанми? Билмайман. Аммо ҳаракат қилишда давом этаман», — деди Фернандеш.

Маълумот учун, «Манчестер Юнайтед» сўнгги бор 2012/13 йилги мавсумда Англия чемпионлигини қўлга киритган. Жамоа ушбу мавсум АПЛнинг 10-туридан кейин 8 очко билан турнир жадвалининг 19-поғонасида бормоқда.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ливерпул Ливерпул
  • Манчестер Юнайтед Манчестер Юнайтед
  • Англия Премер-лигаси Англия Премер-лигаси
Бугунги янгиликлар