«Аталанта» ҳужумчиси Никола Крстович фаолиятини Италиянинг бошқа жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Манбага кўра, черногориялик ҳужумчига «Ювентус», «Милан» ва «Наполи» қизиқиш билдирмоқда. Ушбу клубларнинг скаутлари футболчининг ўйинларини мунтазам кузатиб боришмоқда.
Крстович бу мавсумда Италия чемпионатида 11 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Ҳужумчининг Бергамо клуби билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг июн ойи охиригача мўлжалланган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил этади.