ЕЧЛ доирасидаги «Галатасарой» ва «Астон Вилла» беллашуви олдидан ноодатий ҳолат кузатилди.
Daily Mail нашри хабар беришича, баҳс бўлиб ўтадиган «РАМС Парк» стадионидан тахминан 16 километр узоқликдаги ўрмонзода ёввойи шер юргани аниқланган.
Шер Истанбулнинг Сариер туманидаги Зекериякой мавзесида жойлашган полиция бўлими кузатув камераларига тушиб қолган. Ҳозирда 70 га яқин полиция ва фавқулодда вазиятлар ходимлари 7 та дрон ёрдамида шерни қидирмоқда. Истанбул губернаторлиги ҳайвон жойлашган ҳудуд аниқлангани ва уни тириклайин тутиш учун барча чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Маҳаллий аҳолидан эса эҳтиёткор бўлиш сўралган.
Аввалроқ Туркия матбуотида ўйин бошқа муддатда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ якуний қарорга ҳамон келингани йўқ. Ўйин 24 ноябр, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 22:45да старт олиши режалаштирилган.