Суперлиганинг 10-турида «Андижон» «Динамо»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этганидан сўнг Дамир Темиров ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ўйин жуда зўр бўлди. Шиддатли ва курашларга бой ўтди. Мухлисларга ёққан бўлса керак», - деди Темиров клуб матбуот хизматига берган интервюсида.
Темиров захирадан тушиб, ғалаба голини ургани ҳақида ҳам гапирди:
«Бунақа ўй-хаёллар ҳаммада бўлади. Бандаси ихлос билан сўраса, Яратган албатта беради».
Футболчи стадиондаги муҳитни ҳам алоҳида таъкидлади:
«Атмосферани сўз билан тасвирлаб бўлмайди, бу бизга қўшимча куч беради. Бежизга 12-ўйинчи дейишмайди».
Шунингдек, у жамоанинг иродаси ҳақида тўхталди:
«Мураббийлар штабининг ҳар бир ўйинга режаси бор. Шуларни тўлиқ бажарсак, ғалабаларга эришамиз».
Эслатиб ўтамиз, андижонликлар аввалроқ бош мураббий Самвел Бабаян билан шартномани бекор қилганди.
Маълумот учун, «Андижон» мураббий алмашганидан сўнг сўнгги 3 та ўйинда 7 очко жамғарди.