Бугун
6
Ўзбек

«Миллий жамоамизга Колумбияга қарши дебют ўйинга нисбатан, Португалия билан енглироқ бўлса керак» — Максим Шацких билан суҳбат

Эксклюзив
23 июн, 07:52
Tribuna.uz журналисти Шацких билан боғланди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
«Миллий жамоамизга Колумбияга қарши дебют ўйинга нисбатан, Португалия билан енглироқ бўлса керак» — Максим Шацких билан суҳбат
Фото: Андижон ПФК
23.06.2026, 13:00 Жаҳон чемпионати Португалия Португалия - : - Ўзбекистон Ўзбекистон

Ўзбек футболининг ёрқин юлдузларидан бири бўлган ва ҳозирда мураббийлик фаолияти билан шуғулланаётган Максим Шацких айни пайтда Қирғизистон чемпионатида ишлаб келмоқда.

Унинг бошқарувидаги «Азия Талас» жамоаси кўпчиликни ҳайрон қолдирган ҳолда чемпионатда пешқадамлик қилмоқда. Кўриниб турибдики, у ерда Шацкихнинг ишлари яхши. Балки шунинг учун бўлса керак, Максим Александровичга БААдан ҳам таклиф бўлаётгани ҳақида хабарлар бор.

Tribuna.uz журналисти Шацких билан боғланиб, у ердаги фаолияти, мураббийлик иши ва миллий жамоамизнинг мундиалдаги иштироки борасидаги саволларга жавоб олишга эришди.

- Максим Александрович, Қирғизистон чемпионатидаги мураббийлик фаолиятингиз яхши кечяпти. Бу ўзингизга ҳам ёқяптими?

- Саволингизга жавобим шундай: бирор жойга шошилишнинг кераги йўқ. Ҳали олдинда амалга оширилиши керак бўлган мураккаб ва қизиқарли ишлар кўп. Биз шунчаки ўз ишимизни сифатли бажаришни истаймиз.

- Эшитишимизга қараганда, сизга БААдан таклиф бор экан. Шу масалани тасдиқлай оласизми?

- Ҳа, таклифлар келиб тушди. Биз ҳозир ҳаммасини қандай қилиш борасида мулоқот бошлаш жараёнида турибмиз.

- Ўзбекистон миллий жамоамизнинг мундиалдаги илк ўйинидан кейин қандай хулосалар пайдо бўлди?

- Афсус, 1-бўлимни кўришнинг иложи бўлмади. Ўйиннинг иккинчи ярмидан кўрдим. Йигитлар ҳаракат қилишди ва уринишлари чакки эмас. Менга уларнинг ҳаяжонланишгани сезилиб турди ва бундоқ олиб қараса, буни тушуниш мумкин. Ҳарқалай, дебют. Лекин йигитларнинг саъйи-ҳаракатлари жуда илик таассурот қолдирди. Улар юртимиз шаънини ҳимоя қилишаётганини ҳис қилган ҳолда ўйнашди. Колумбия - анча жиддий, кучли рақиб. Яна 2-бўлимда кўрганларимдан келиб чиқиб айтаман, йигитларимизга қойил қолса арзийди. Ҳисобни тенглаштиришди, кейин ҳисобда ортда қола бошлаганларида ҳам гол киритиш пайида бўлдилар.

- Миллий жамоамизни энди Португалияга қарши оғир ўйин кутмоқда. Бу ўйиндан нима кутяпсиз ва ижобий натижага эришиш учун нима қилишимиз керак, деб ўйлайсиз?

- Португаллар Роналду учун ўйнайди. Аммо, ўйлайманки, йигитларимизга дастлабки ўйинга нисбатан анча енгилроқ бўлса керак. Ахир, улар ЖЧ ҳароратини ҳис қилишди. Бу ўйиндан нимани кутяпман: учрашув учун тактикаларни мураббийлар танлашади. Асосийси, йигитларимиз ҳаяжонни унутиб ўз ўйинларини ўйнашга ҳаракат қилишлари керак. Менимча, бизникилар қарши ҳужум тактикасига таяниб ўйнашса керак. Ҳарқалай, рақиб жуда жиддий.

- Мундиални кузатиб боряпсизми? Сиз учун мундиалдаги фаворитлар кимлар?

- Албатта, кузатяпман. Бироқ кўпинча шарҳларни томоша қилмоқдаман. Чунки минтақалардаги вақт тавофути туфайли ярим тунда ё тонг саҳарда ўйинларни кузатиш осон эмас. Имкониятдан келиб чиқяпман. Фаворитларми, бир дўстим билан баҳслашдик, мен Испания билан Францияни, у бўлса Англия ва Нидерландияни танлаган.

- Қирғизистон чемпионатининг савияси ҳозир қай даражада?

-.Қирғистонда футбол савияси ўзига яраша баланд. Футболчилар тезкор, ҳакамлар ҳам сал нарсага ҳуштак чалмай, ўйнашга беришади. Футболчилар тезкор бўлишса, ўйинда ҳам хавфли вазиятлар шунга монанд равишда юқори бўлади.

- Бошқарувингиздаги клуб пешқадам бўлиб турибди. Асосий мақсад чемпионликми ёки жамоангиз кутилмаган натижалар кўрсатяптими

- Биз янги жамоани ташкил қиляпмиз. Ўз ишимизни иложи борича сифатли тарзда бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Бу уринишларимиз ўзини қандай оқлашини ноябрга бориб билиб олишимиз мумкин бўлади.

- Агар сизга Қирғизистон миллий жамоаси бош мураббийлигини таклиф қилишса, бунга рози бўлармидингиз?

- Қирғистон миллий жамоаси устозига айланиш борасида ҳеч қандай гап ё янгилик эшитмадим. Агар таклиф тушса, ўрганиб чиқамиз.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Португалия Португалия
  • Ўзбекистон Ўзбекистон
  • Жаҳон чемпионати Жаҳон чемпионати
Бугунги янгиликлар