Бугун
6
Ўзбек

Шавкат Мирзиёев «Навбаҳор» футбол академиясидаги шароитлар билан танишди

Футбол
23 июн, 08:49
Президент ташриф давомида инфратузилма ва машғулот жараёнлари билан танишиб, ёшлар билан суҳбатлашган.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Шавкат Мирзиёев «Навбаҳор» футбол академиясидаги шароитлар билан танишди
Фото: President.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида «Навбаҳор» футбол академиясига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари бу ерда ёш футболчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқув-машғулот жараёнлари билан танишди.

Фото: President.uz

Наманган вилояти ўзининг бой футбол анъаналари ва иқтидорли футболчилари билан мамлакатимизда алоҳида ўрин тутади. Ёш авлодни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш мақсадида «Навбаҳор» академияси бошқаруви уч йил муддатга дунёнинг етакчи футбол мактабларидан бири саналган Нидерландиянинг «Аякс» футбол академиясига бошқарувга берилган.

«Аякс» дунёдаги энг машҳур академия ҳисобланади (1900 йилда ташкил этилган) ва ўз тарбияланувчиларини Европанинг машҳур клубларига ўтказиш орқали ҳар йили ўртача 50-70 миллион евро даромад олади.

Фото: President.uz

Келишувга асосан, клублар ўртасида қўшма ўсмирлар футбол академияси ташкил этилиб, ўзбекистонлик ёш футболчилар ва мураббийларни тайёрлаш бўйича «Аякс»нинг бошқарув модели жорий этилади.

Ҳозирги кунда академияда хорижий мутахассислар, жумладан, мураббий ва скаутлар фаолият юритиб, маҳаллий ёшларни Европа футбол стандартлари асосида тайёрлаш ишларини олиб боряпти.

Президент академия инфратузилмаси, машғулот майдонлари ҳамда тарбияланувчилар учун яратилган имкониятларни кўздан кечирди. Шунингдек, ёш футболчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг орзу-интилишлари ва келгуси режалари билан қизиқди.

Фото: President.uz

Учрашув давомида мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро майдонлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари академия тарбияланувчилари билан суратга тушди.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Навбаҳор Навбаҳор
Бугунги янгиликлар