Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев ҳам айни пайтда АҚШда бўлиб турибди ва жаҳон чемпионатида миллий жамоамизни стадионда қўллаб-қувватламоқда. Мутахассис Tribuna.uz нашрига мундиал ҳаёти, миллий жамоа ва бўлажак ўйин борасида интервю берди.
- Жаҳон чемпионатини жонли равишда стадионда кузатиб бормоқдасиз. Колумбия-Ўзбекистон баҳсини бевосита стадиондан кузатиб нималарни ҳис қилдингиз?
- Очиғини айтсам, учрашув стартигача катта ҳаяжон бор эди. Майдон ичидаги муҳит, айниқса, мамлакатимиз мадҳияси янграётган пайтда юраклар ларзага келди. Орзиқиб кутилган жаҳон чемпионатининг биз учун очилиш ўйини эди. Ҳам завқ, ҳам шавқ ва ҳам ўзига яраша ҳаяжон бўлди. Аста-секин бу ҳаяжон жамоамиз, юртимиз, футболимиз ривожланаётгани учун ғурур билан якунланганидан хурсандман.
- Бу ўйин ҳақида турли фикрлар мавжуд. Учрашувни жонли кўрган мутахассис сифатида нималарни айта оласиз?
- Учрашувни стадиондан жонли кузатган инсон сифатида шуни айта оламанки, дастлабки дақиқалардан мухлис бўлиб томоша қилар эканмиз, ҳар ким севимли жамоасидан яхшироқ ўйнашини хоҳлашади. Унутмаслигимиз керакки, бу жаҳон чемпионати. Кучли жамоалар бу ергача етиб келишганидан ўлароқ бу биз билан ўйнаган жамоанинг кучи. Биз қандай рақибга қарши ўйинни ўтказганимизни аста-секин тушуниб борамиз. Ўйлайманки, биринчи учрашувда биз яхшидан ҳам аълороқ ўйинни ўтказа олдик. Майли, ютқазган бўлсак-да, ҳисоб 1:2 бўлиб турган пайтда устунликни қўлимизга олдик. Рақибни ўз жарима майдончасига қамаб, уларни ҳимояланишгача олиб келдик. Менимча, бу қувонарли ҳолат. Умуман олганда, учрашув аввалида барибир бундан-да, ёмонроқ бўлишидан хадиклар бор эди. Футболчиларимиз ҳамма учун фахр бўладиган ўйинни ўтказдилар. Ҳаттоки, бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак, атрофимизда мексикалик мухлислар бор эди. Улар ва колумбиялик ишқибозлар ҳам жамоамиз ҳақида илиқ фикрдалиги кўриниб турарди.
- Миллий жамоамиз сафида сизни ҳайрон қолдирган футболчи ким бўлди?
- Учрашувда ҳамма яхши ҳаракат қилди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, футболчиларимизда ҳаяжон кузатилди. Бу нормал ҳолат ва бундай ўйинлар аста-секинлик футболчини янада мустаҳкам ва кучли бўлишига олиб келади. Беҳрузни ўйини менга анча ёқди.
- Иккинчи турда Португалия билан ўйнаймиз. Уларни илк турда Конго билан дуранг ўйнаб қўйгани сизни ҳам ҳайрон қолдирдими?
- Айтиб ўтганимдек, бу жаҳон чемпионати. Бу ерда сюрпризлар бўлади. Эътибор берадиган бўлсак, кўп жамоалар биринчи турни ҳар доим ҳам яхши ўтказишмайди. Бу гуруҳ босқичидаги битта ўйин. Албатта, бундай бўлишини кутмаган бўлсак-да, катта ҳайрон қоларли нарса эмас. Ўйлантираётгани шуки, Португалия биз билан бўладиган учрашувда биринчи ўйиндан келиб чиқиб ва миллий жамоамизни Колумбияга қарши ўйинидан хулоса қилиб, икки баробар кўпроқ шижоат ва масъулият билан чиқишади. Балки бу қайсидир маънода бизга ҳам қўл келиши мумкин.
- Бўлажак учрашувдаги рақиб фаворитлардан бири. Бундай кучли рақибга қарши биз каби дебютант жамоанинг имкониятини қандай баҳолаяпсиз?
- Имкониятларга келсак, футбол майдонида ҳар доим рақамлар ҳар хил кўрсаткичларни бериши мумкин. Буни тўғри тан олиш ҳам керак. Португалия кучли термалардан бири. Аммо бунга ортиқча эътибор бермаслик ҳам керак. Ҳа, улар кучли, таркибида маҳоратли ўйинчилари бор. Бу дегани бизнинг футболчиларимиз илк дақиқаларданоқ мағлуб бўлишмайди. Колумбия билан ўйин шундай нарсани кўрсатдики, футболчиларимиз ўз имконияти даражасида ўйнаса ҳар қандай рақибга бош оғриғи бўла оладилар.
- Жаҳон чемпионати ташкилотчилиги сизга ёқяптими?
- Ташкилотчилик аъло даражада. Учрашув атрофида ҳар хил кўнгилочар шоулар қилинган. Масалан, Мехикода бўлганимизда жуда катта фан зона қилишган. Ҳар бир давлатнинг ўзи билан боғлиқ бўлган барча нарсалари бор. Кўплаб миллат, элатлар бир жойда йиғилиб дўстона муҳитни яратаётганлиги кўзларни қувонтирмоқда.
- Машариповнинг таркибдан чиқирилишига муносабатингиз қандай бўлди?
- Очиғи, ҳеч кимни бу мусобақадан қолиб кетишини кузатиш жуда аянчли. Нафақат Машарипов, балки унгача бўлган ўйинчиларимизни ҳам йўқотдик. Қанийди, агар барча ўйинчиларимиз сафда бўлиб, тўлиқроқ оптимал формамизда келганимизда бу биз учун ютуқ бўларди. Ўйлайманки, ҳали ҳаммаси олдинда. Жамоамиз биринчи қадамни қўйиб олишди. Бундан буёғига жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирокчига айланамиз ҳамда уларда ҳам яна имкониятлар пайдо бўлади.
Камолиддин Мурзоев: «Португалиянинг икки баробар иштиёқ билан майдонга чиқиши бизга қўл келиши мумкин»
Эксклюзив
23 июн, 04:15
Мутахассис Tribuna.uz нашрига мундиал ҳаёти, миллий жамоа ва бўлажак ўйин борасида интервю берди.
Фото: Tribuna.uz
23.06.2026, 13:00
Жаҳон чемпионати
Португалия
-
:
-
Ўзбекистон