Live
1
Ўзбек

Каннаваро: «Жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо бундан қўрқмаймиз»

Футбол
22 июн, 21:15
Ўзбекистон бош мураббийи Португалияга қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.
Зоиров Шоҳрух
Шоҳрух Зоиров Редактор
Каннаваро: «Жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо бундан қўрқмаймиз»
Фото: ЎФА
23.06.2026, 13:00 Жаҳон чемпионати Португалия Португалия - : - Ўзбекистон Ўзбекистон

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жаҳон чемпионати гуруҳ босқич 2-тур доирасидаги Португалияга қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

«Рақибимиз жаҳон чемпионатидаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Агар Португалия жамоасини таҳлил қилиб кўрсангиз, уларнинг қанотларда жуда кучли футболчилари бор, дунёнинг энг яхши яримҳимоя чизиқларидан бирига эга. Шунингдек, футбол тарихидаги энг яхши футболчиларидан бири ҳам шу жамоада ўйнайди.

Шундай экан, бу осон ўйин бўлмайди. Лекин биз жаҳон чемпионатидамиз, жамоа сифатида ҳаракат ва меҳнат қилишимиз зарур. Чунки ижобий натижа билан майдонни тарк этишнинг ягона йўли шу.

Биз Португалиянинг футбол фалсафасини ўрганишга ҳаракат қилдик. Улар доимо тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни ёқтиради. Шунингдек, учрашувни жуда фаол бошлашга интилишларини ҳам биламиз. Чунки имкон қадар тезроқ ўйинни ўз фойдасига буришни, ҳимояни ёриб ўтишни исташади.

Шундан келиб чиқиб биз ҳам бунга тайёргарлик кўрдик деб ўйлайман. Ўз режамиз ва стратегиямиз бор ва майдонда айнан ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз.

Футбол шундай ўйин. Биз жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо аввал ҳам айтганимдек, биз бундан қўрқмаймиз.

Қўлимиздан келган энг яхши ўйинни кўрсатишга ва учрашув охиригача курашишга ҳаракат қиламиз.

Таъкидлаганимдек, биз фақат Роналдуга қарши ўйнамаймиз. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири. Бироқ Португалия фақат Роналдудан иборат эмас.

Уларнинг асосий таркибида ҳам, захирасида ҳам жуда кўп юқори савияли футболчилар бор. Шунга қарамай, жарима майдони ичида Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

У стандарт вазиятларда ҳам, ўйин давомида ҳам исталган пайт гол уришга қодир. Шу боис бутун ўйин давомида максимал даражада эътиборли бўлишимиз керак.

Жамоага келганимиздан буён асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратилди. Айрим футболчилар турли чемпионатларда ўйнаган, баъзиларида эса маълум муаммолар мавжуд эди.

Шунга қарамай, сўнгги ўйин давомида футболчиларнинг ҳолати яхши эканини кўрдим. Жамоа учрашувни юқори темпда якунлади ва барча ўзини яхши ҳис қилди.

Албатта, статистикаларни таҳлил қилиш осон эмас. Масалан, тўпнинг ҳаракат тезлигига қарасангиз, футболчиларнинг техник маҳорати қанчалик юқори эканини тушунишингиз мумкин.

Мен фақат жисмоний кўрсаткичларга қарашни ёқтирмайман. Чунки якунда энг муҳими — тўпни қандай назорат қилишингиз, қандай узатишингиз ва уни қанчалик кам йўқотишингиздир.

Менимча, агар сиз ўйин давомида тўпни 20 марта йўқотсангиз, уни қайтариб олиш учун 20 марта югуришингизга тўғри келади. Бу эса жуда муҳим омил.

Португалиянинг статистикаси эса албатта, кўп жиҳатлар бўйича юқори даражада. Биз буни биламиз ва таҳлил қилиб чиқдик.

Шу билан бирга, биз майдонда тартибсиз равишда ҳар томонга югуриб юришимиз керак эмас. Масала кўп югуришда эмас, тўғри югуришда. Тўпни йўқотмаслик ва уни қаерда қайтариб олишни билиш муҳим», — деди Каннаваро.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Португалия Португалия
  • Ўзбекистон Ўзбекистон
  • Жаҳон чемпионати Жаҳон чемпионати
Бугунги янгиликлар