Ўзбекистон Пролигасининг навбатдаги қисмига тайёргарликни давом эттираётган «ФарДУ» футбол клубига янги бош мураббий тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
«Бир неча мавсумдан буён клубда самарали меҳнат қилиб келаётган тажрибали мутахассис Сергей Лебедев жамоани чемпионатнинг навбатдаги қисмига тайёрлайди.
Сергей Лебедев футболчилик фаолияти давомида 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиблигини, Фарғонанинг «Нефтчи» клуби сафида 5 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.
Шунингдек, у Ўзбекистон миллий жамоаси сафида 33 та ўйин ўтказиб, жами 10 та гол уришга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, Сергей Лебедев Ўзбекистон номидан жаҳон термаси таркибида майдонга тушган ягона футболчи ҳисобланади.
«ФарДУ» футбол клуби жамоанинг барча мухлислари номидан Сергей Элефертович Лебедевга улкан муваффақият ва юксак зафарлар тилайди», — дейилади хабарда.