25 ноябр куни Пролига плей-офф босқичи доирасида «Металлург» ўз майдонида ФарДУни қабул қилиши керак эди. Бироқ ФарДУ бош мураббийи, Ўзбекистон футболи фахрийси Сергей Лебедевнинг вафоти сабабли баҳс қолдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси хабар берди.
Лига маълумотига кўра, Сергей Лебедев жамоаси билан бўлажак баҳсга тайёргарлик кўриш учун Тошкентда машғулот йиғинида бўлган. Кутилмаганда ўзини ёмон ҳис қилган мутахассис пойтахтдаги клиникалардан бирига олиб борилган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
ПФЛ ФарДУ футболчилари ва жамоа расмийларининг руҳий ҳолатини инобатга олиб, «Металлург» — ФарДУ баҳсини қолдиришга қарор қилган. Лига мазкур қарорни тўғри тушунган «Металлург» клубига миннатдорчилик билдирган. Беллашувнинг янги санаси кейинроқ маълум қилинади.
Шунингдек, Сергей Лебедевга ҳурмат юзасидан Ўзбекистон кубоги яримфиналининг бугун бошланадиган баҳслари бир дақиқалик сукут билан бошланади. Мутахассисни сўнгги манзилга кузатиш маросимида ФарДУ клуби аъзолари ҳам иштирок этади.