«Навбаҳор» яримҳимоячи Асадбек Раҳимжонов билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
«Раҳимжонов 2004 йил, 18 феврал куни Наманганда туғилган. У фаолияти давомида «Турон», «Олимпик», «Бунёдкор» каби жамоалар сафида ўйнаган. Бундан ташқари, Асадбек Ўзбекистон U-23 жамоаси таркибида 20 та ўйинда майдонга тушган.
Асадбек Раҳимжоновга «Навбаҳор» таркибида ёрқин ўйинлар намойиш этиб, «лочинлар»нинг зафарларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига тилакдошмиз. Жамоамизда хуш кўрдик, Асадбек», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Катулонди Кати «Навбаҳор»ни тарк этгани маълум қилинганди.