Live
1
Ўзбек

Ислом Аҳмедов — «Динамо» устидан ғалаба, жамоанинг фалсафаси, Болтабоев ва Голбаннинг йўқлиги ҳақида

Футбол
28 апрел, 22:25
«Андижон» бош мураббийи Суперлига 10-туридаги иродали ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди
Иззатиллаев Аъзамжон
Аъзамжон Иззатиллаев Редактор
Ислом Аҳмедов — «Динамо» устидан ғалаба, жамоанинг фалсафаси, Болтабоев ва Голбаннинг йўқлиги ҳақида
Foto: FC Andijon
28.04.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Андижон Андижон 2 : 1 Динамо Динамо

Суперлига 10-туридан ўрин олган «Андижон» – «Динамо» (2:1) баҳсидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Ислом Аҳмедов иштирок этди.

— Авваламбор, Андижон халқимизни, мухлисларимизни, вилоят ҳокимимизни, раҳбарларимизни бугунги қийин бўлган ғалаба билан табриклайман. Осон бўлмади. Олдиндан буни билардик. Сабаби, «Динамо»да яхши сараланган футболчилар йиғилган. Баъзида уларга қаердадир омад етишмаяпти. Ўйин услуби ва тажрибали мураббийи бор. Ўйиннинг шундай қийин кечишини билгандик. Футболчиларимизга раҳмат айтаман, барчаси характер кўрсатишди ва иккинчи бўлимда ғалабани илиб кетдик. Шу ўринда мен жамоамизнинг кўринмас кучларига алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Раҳбарият, мураббийлар штабидан тортиб, ҳар бир ходим, то ошпаз, қоровулларгача — жамоамизда меҳнат қилаётган барча ишчи ходимларимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз барчамиз бир жамоа, бир куч билан меҳнат қиляпмиз ва ғалабаларимиз замирида уларнинг ҳам катта меҳнатлари ётибди.

— «Бунёдкор» билан ўйинда бошқа таркиб тушганди. Бу сафар ҳам бошқа таркиб. Бу рақибга мослаб қилинаётган тактиками?

— Очиғи, биз «Андижон»ни қабул қилганимиздан кейин ҳеч қайси рақибга мосланмасдан ўзимизнинг ўйин услубимизни яратишни бошладик. Ички рақобатни ҳам кучайтирдик. Ким ўйин кунига оптимал формада бўлса, ўйнаши керак ва шу йўналиш билан ишлаяпмиз. Бу ўз самарасини беряпти.

— Мавсум бошидан бери мураббийлар штабидасиз. Сизнинг бошчилигингизда жамоа 3 та ўйинда 7 очко олди. Бабаян бошқарувида эса 6 очко олинган. Ўша пайтда нима етишмаган?

— Самвел Вячеславович — тажрибали мураббий. Уларга 3-ўрин вазифаси қўйилганди. Қўлдан келганича у одамнинг фалсафаси бўйича ишлаб ёрдам бердик. Омад келмади. Кейин биз қабул қилганимиздан сўнг бошқа фалсафага ўтдик.

— Ўйинчи алмаштиришлар ҳам жуда яхши реакция беряпти. «Бунёдкор» билан учрашувда ҳам бу нарса сезилганди. Ушбу ўйинда ҳам кузатилди ва захирадан тушган Ашортиа билан Темиров ғалаба келтирувчи голларни уришди. Захирадан майдонга тушаётганда уларнинг гол уришига қанчалик ишонгандингиз ва қандай кўрсатмалар бергандингиз?

— Ўйиндан олдин йигитлар билан алоҳида гаплашяпмиз. Сен асосий таркиб футболчисисан, дея уларга яхшилаб тушунтиряпмиз. Иккинчи бўлимда майдонга тушиб ўйинни янада кучайтиришимиз керак. Буни уларга сингдиряпмиз ва ўзларини захира футболчиси эмас, балки асосий таркиб аъзоси сифатида ҳис қилиб, ҳаракат қилишяпти ва борини беришяпти. Худога шукр, ички муҳитимиз бу орқали яхшиланиб боряпти.

— Ўйин бошида паслар билан ўйнашга ҳаракат қилдинглар. «Динамо» прессинг қилгач, бошқа тактикага ўтдинглар. «Бунёдкор» билан ўйинда «связка» яхши ишлаганди. Негадир иккинчи бўлимда ўртада паслар ўхшамади, балки прессинг ҳисобигами?!

— Хоҳлайсизми-йўқми, «Динамо» жамоасидан кўра биз бир кун камроқ дам олдик. Барибир футболчилар толиқиш ҳис қилишди. Олдиндаги ўйинчиларимиз ўтган учрашувда иккинчи бўлимда тушиб тўлиқ ўйнашганди. Бироз толиқиш ҳисобига зоналардан чиқиб кета олмадик. Иккинчи бўлимда тушунтирганимиздан ва тўпни ерга қўйиб футбол ўйнашни бошлаганимиздан кейин ҳаммаси жойига тушди. Ўз уйимизда ўйнаётганимиз учун барибир йигитларда босим бироз сезилди. Хато қилиб қўймаслик учун оддийроқ ўйнашга ҳаракат қилишди. Танаффус пайтда уларга «хато қилишдан қўрқманглар, масъулиятни ўз бўйнимизга оламиз, сизлар маза қилиб футбол ўйнаб роҳатланинглар, хато қилсанглар биз бўйнимизга оламиз» деб тушунтирдик. Майдонга чиқиб, эркин ўйнашни бошлашди.

— Рақиб томонидан майдон майсаси атайлаб ўстирилганми, деган маънода фикр билдирилди. Бу борада нима дейсиз? Шунингдек, Болтабоев билан Голбаннинг ҳолати қандай?

— Иккита ўйинимизни кузатган бўлсанглар биз биринчи зонадан қисқа ва ўрта паслар орқали чиқиб кетишга ҳаракат қиляпмиз. Очиғи, майдоннинг бундай ҳолатдалигидан бизнинг ҳам хабаримиз йўқ эди. Ўзимиз ҳам бироз ранжидик. Чунки ўйин фалсафамиз тўпни назорат қилиб, ҳужум тайёрлашга қуриляпти. Техник сабабларга кўра майдон ҳолати шундай бўлгандир, биз билмаймиз. Чунки алоҳида спорт базамиз бор, ўша ерда шуғулланамиз. Кеча ҳам бу ерга машғулот ўтказгани келмадик, базамизда шуғулландик. Бизнинг футбол тўп назорати ва паслар орқали, ҳаводан узатмалар бизда йўқ.

Иккинчи саволга келсак, Голбан охирги ўйинда орқа пайини йиртиб олганди. Ҳозир тикланиш жараёнида. Болтабоевда ҳаммаси яхши. Унга ҳам имконият берилади.

— Бунгача иккита ўйинингиз сафарда бўлганди. «Бобур арена»даги биринчи ўйинингиз бўлди. Дебютингизни ўтказдингиз. Тўғри айтдингиз, босим бор эди ва бу ерда ўйнаш осон эмас.

— Албатта, бундай мухлислари бор жамоа доим ғалаба қозониши керак. Улар ҳам биздан фақат ғалабани кутишади. Шу боис тезроқ гол уриб, натижа қилишга баъзида шошилиб кетишади. Хато қилмаслик учун оддий ўйнашга ҳаракат қилишади. Босим бор. Чунки мухлислар доим ғалабага лойиқ. Бу албатта яхши томонга, ғалабага туртки ҳам бўлади. Иккинчи бўлимда куч топишди, ҳар бир ҳужумни мухлислар қўллаб-қувватлаган сари футболчиларимизда куч ва шижоат ошиб бориб, якунда ғалаба қозондик, — дея Аҳмедовнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Андижон Андижон
  • Динамо Динамо
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар