Бугун биз учун яна бир тарихий кун. Жаҳон чемпионатида дебютини ўтказаётган Ўзбекистон миллий жамоамиз иккинчи тур доирасида кимсан Португалия каби мундиал фаворитларидан бирига қарши майдонга тушади.
Бутун халқимиз бўлажак унутилмас ўйинни катта иштиёқ билан кутишмоқда. Футболимиз мухлислари ва мутахассислари эса баҳс олдидан турли фикрларни, мулоҳазаларни билдирмоқдалар.
Миллий жамоамизнинг собиқ футболчиси, таниқли мутахассислардан бири Бахтиёр Ашурматов Португалияга қарши ўйин олдидан қуйидагича муносабат билдирди:
«Бугунги ўйин олдидан тўхталадиган бўлсам, миллий жамоамиз дебют ўйини учун Колумбияга қарши ёмон ўйин кўрсатишмади. Ўзбекистон жаҳоннинг етакчи жамоаларига қарши муносиб ҳаракат қила олишини кўрсатиб берди. Тўғри, бу бутун учрашув давомида кузатилмади. Лекин айрим эпизодларда, айтайлик, 1:0 ҳисобида ютқазаётганимизда яққол намоён бўлди. Устунликни ўз қўлларига ола билишди ва ҳужумкор ўйин кўрсатдилар. Шу сабабли миллий жамоамизга бугунги учрашувда ҳам умид билдирсак бўлади, ишонч бор.
Шу билан бирга салбий жиҳатларни ҳам айтиб ўтишни хоҳлардим. Биринчиси, афсуски, дарвозабонимиз керакли вазиятларда голлардан қутқара олмади. Ҳа, у яхши ўйин намойиш қилди. Бироқ, барибир дарвозабон ярим жамоа дейишади. Керакли пайтда қутқарганида бемалол дурангга умид қилсак бўларди.
Иккинчиси, миллий жамоамиз муносиб ва яхши ўйин намойиш қилишди деяпмиз. Аммо бир нечта ўйинчиларимиз ўз даражасидан пастроқ тўп тепишди. Бунга Эрон чемпионати тўхтатилгани ва уч нафар футболчимизнинг бир неча ой давомида ўйин амалиётисиз қолиб кетгани сабаб бўлди.
Яна бир жиҳати, 1:2 ҳисобида ютқазиб турганимизда ҳам ўйин услубимизни ўзгартирмадик, битта ҳужумчи билан қолдик. Дейлик, ўша натижа қайд этилаётганида озгина таваккалчиликка қўл уриб, ижодкор футболчимиз – Жамшид Искандеровни майдонга тушириб, Элдор Шомуродов ўрнига Игорь Сергеевни ўйинга қўшиб, гол уришга ҳаракат қилсак бўларди. Ўйин охиригача битта вазият бўладиган бўлса, шундан фойдаланиб дурангга эришишга умид қилишди, мураббийлар. Ўйлайманки, ўшанда таваккал қилса бўладиган вазият эди. Шу боис бу ўйин ҳам яхши таассурот қолдирди, ҳам камчиликларимизни кўрсатиб берди.
Йигитлар дастлабки баҳсдан тўғри хулоса чиқаришди, деб ўйлайман ва биринчи ўйинга нисбатан ишончлироқ ҳаракат қилишади ва охиригача курашиб, Ўзбекистон учун керакли натижага эриша оладилар. Бу йўлда миллий жамоамизга омад тилайман, йигитларга ишонаман.
Бугун ҳеч бўлмаганда дуранг ўйнай олмасак имкониятимиз йўқ. Тўғри, Португалия кучли жамоа. Мутахассис ва мухлис сифатида футболчиларимиздан ижобий натижа кўрсатишларини кутаман ва дуранг натижа қайд этишади, деб ўйлайман», - дейди Бахтиёр Аъзамович.