Мадриднинг «Реал» клуби Ла Лига президенти Хавер Тебасга қарши баннер ва шиорлар учун 3 минг евро жаримага тортилди. Бу ҳақда Испаниянинг АS нашри хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, можаро 18 октябр куни «Сантяго Бернабеу» стадионида «Севиля»га қарши кечган ва 4:1 ҳисобида якунланган баҳс вақтида юз берган. «Реал» мухлислари трибунада «Бу футбол эмас, бу Тебас ва Негрейра» ёзуви туширилган баннерни намойиш этган.
Баннердаги фамилиялар кўк ва қизил рангларда ажратиб кўрсатилган. Бу орқали мухлислар Ла Лига раҳбариятини «Барселона» фойдасига тарафкашлик қилишда айблаган.
Бундан ташқари, мадридлик мухлислар Ла Лига президентига қарши ҳақоратли шиорлар ҳам айтган. Интизом қўмитаси баннер ва шиорлар учун «Реал»га 3 минг евро миқдорида жарима белгилади.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» ва «Севиля» ўртасидаги баҳсда мадридликлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Арда Гулер, Килиан Мбаппе (2) ва Диоманде ўз ҳисобига гол ёздириб қўйган, «Севиля» сафида эса Буено жавоб тўпини киритган.
Маълумот учун, Хавер Тебас 2013 йилдан буён Ла Лига президенти лавозимида ишлаб келмоқда.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади