ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 1-турида Франция миллий жамоаси Сенегални 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан сўнг «учранглилар» яримҳимоячиси Адриен Рабио стадион майдони сифати ҳақида танқидий фикр билдирди.
«Буни чим деб аташга ҳам қийналаман. Бу қаттиқ сунъий майдонга кўпроқ ўхшайди. Аммо шароит иккала жамоа учун ҳам бир хил эди, шу сабаб мослашишга тўғри келади», — деди Рабио RMC Sport нашрига берган интервюсида.
Ню-Жерсидаги майдон сифати ЖЧ-2026 давомида бир неча бор муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Футболчилар табиий газоннинг қаттиқлиги ва тўп ҳаракатидан норозилик билдиришмоқда.
Шунга қарамай, Франция мундиални муваффақиятли бошлаб, муҳим уч очкони қўлга киритди.
Диде Дешам шогирдлари гуруҳ босқичининг навбатдаги турида 22 июн куни Ироқ миллий жамоасига қарши майдонга тушади. Сенегал эса кейинги баҳсини Норвегияга қарши ўтказади.