Хорватия миллий жамоаси яримҳимоячиси Марио Пашалич ЖЧ-2026 олдидан жамоасининг имкониятлари ҳақида фикр билдирди.
«Биз қийин гуруҳдан жой олганмиз, аммо кучли обрў ва катта тажриба билан келяпмиз. Жамоамизда ёшлик ва тажриба ўртасида яхши мувозанат бор. Ёш футболчилар ўз имкониятларидан фойдаланди ва таркибда ўз ўрнини топди», — деди Пашалич.
«Аталанта» футболчиси Хорватия аввалги мундиаллардаги натижаларини такрорлай олишига умид билдирди.
«Ўтмишда эришган натижаларимизни такрорлашимизга ишонаман», — дея қўшимча қилди у.
Пашалич Англияга қарши бўлажак баҳс ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
«Ҳимоядаги ҳаракатлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Жамоа ихчам ўйнаши ва ҳимоя билан ҳужум ўртасидаги масофани қисқартириши керак. Тўп бизда бўлганида эса ҳужумда хавф яратиш учун етарли сифатга эгамиз», — деди яримҳимоячи.
Хорватия ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Англия, Гана ва Панама миллий жамоаларига қарши майдонга тушади. Златко Далич шогирдлари мундиалга яхши кайфиятда етиб келишди — жамоа турнир олдидан Словенияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган ва айнан ғалаба голига Пашалич муаллифлик қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Хорватия сўнгги икки жаҳон чемпионатида юқори натижалар қайд этган: 2018 йилда кумуш, 2022 йилда эса бронза медалларини қўлга киритган. Таркибда Лука Модрич бошчилигидаги тажрибали футболчилар билан бир қаторда ёш истеъдодлар ҳам мавжудлиги жамоанинг асосий устунликларидан бири сифатида кўрилмоқда.