Франциянинг «Ланс» клуби бош мураббий Пер Сажу ўрнига номзодни аниқлади. L'Équipe хабарига кўра, жамоани германиялик мутахассис Дино Топпмёллер бошқаради.
Манбага кўра, 45 ёшли мураббий билан икки йиллик шартнома бўйича келишувга эришилган. Унинг тайинлови расман душанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Пер Сажу «Ланс»ни 2025/26 йилги мавсумда Франция чемпионатида иккинчи ўринга олиб чиқди ҳамда Франция Кубогида ғолибликни қўлга киритди.
Кубокдаги муваффақиятдан сўнг мутахассис клубни тарк этиши мумкинлигини истисно қилмаган эди. Вазиятдан Англиянинг «Кристал Пэлас» клуби фойдаланиб, уни бош мураббийликка асосий номзод сифатида кўрмоқда.
Лондон клуби аввалроқ Оливер Гласнер билан хайрлашган эди.
Дино Топпмёлларнинг сўнгги иш жойи Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби бўлди. У жамоани 2023 йил ёзидан 2026 йил январигача бошқарди.
«Ланс» раҳбарияти немис мутахассиси билан янги босқични бошлаш ва клубнинг юқори натижаларини сақлаб қолишга умид қилмоқда.