Шу йилнинг июл ойида Отабек Ахадов Жанубий Кореянинг «Кей лига 2» чемпионатига кўчиб ўтганди. 21 ёшли иқтидорли ҳимоячи шу тариқа фаолиятида янги саҳифа очди.
Билсангиз, бунга қадар у Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби шарафини ҳимоя қилиб келди. Эндиликда эса Корея чемпионатида фаолиятини бошлади. «Пусан» айни пайтда мусобақа жадвалида 6-ўринда бормоқда. Куни кеча легионеримиз Tribina.uz нашри учун интервю берди.
- Отабек, Жанубий Кореянинг «Пусан» клубига ўтишингизда энг асосий ташаббускор ким бўлди?
- «Пусан» клубига ўтишимда мен учун энг катта ёрдам берган инсонлар — агентим, оила аъзоларим ва биринчи мураббийим, акам Баҳриддин Раҳмонқулов бўлдилар. Улар доимо мени қўллаб-қувватлаб, фаолиятимда тўғри қарорлар қабул қилишимга ёрдам бериб келишган Албатта, мен учун ҳам Кореяда ўзимни синаб кўриш ва янги босқичга чиқиш жуда қизиқ эди.
- 21 ёшингиздаёқ легионерга айландингиз ва бу сиз учун таваккалчилик эмасми?
- Албатта, 21 ёшда легионер бўлиш катта қадам ва маълум маънода таваккалчилик ҳам. Корея чемпионатида рақобат юқори, футбол услуби ҳам бизникидан фарқ қилади. Шунинг учун бу ерда ҳар куни ўз устимда ишлаб, тажриба орттириб, янада кучли футболчи бўлишни мақсад қилганман.
- Ҳозирча Кей лига 2 да битта ўйинда майдонга тушдингиз, кубокда эса иккита ўйинда ўйнадингиз. Аммо чемпионатда охирги турларда «заявка»га киритилмаяпсиз. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳозирча чемпионатда бир нечта ўйинда ва кубокда майдонга тушишга муваффақ бўлдим. Мен Корея футболига энди мослашяпман ва бу жараёнда вақт кераклигини тушунаман. Шунинг учун ҳозир асосий эътиборим — машғулотларда яхши ишлаш, камчиликларим устида ишлаш ва имконият берилганда ундан максимал даражада фойдаланиш.
- Корея футболи, маданияти ва ҳаётига мослашишингиз қандай кечяпти? Кимлар кўпроқ бу борада ёрдам беришяпти?
- Корея футболи, маданияти ва ҳаётига мослашиш жараёни мен учун яхши кечяпти. Албатта, янги давлат ва янги муҳит бўлгани учун бошида озгина қийинчиликлар бўлди, айниқса тил масаласида. Лекин кундан-кунга кўпроқ мослашиб боряпман. Бу борада жамоадошларим, мураббийлар штаби ва клуб ходимлари менга катта ёрдам беришяпти. Айниқса, таржимонимнинг ёрдами жуда катта.
- Демак, инглиз тилида гаплашяпсизми?
- Тил масаласи ҳозирча мен учун энг катта қийинчиликлардан бири. Корейс тилини ҳали яхши билмайман. Инглиз тилида эса оддий мулоқот қила оламан, лекин асосан жамоада таржимон орқали мулоқот қиляпман. Ҳозир корейс тилини ўрганишга жиддий эътибор беряпман. Айниқса, футболда керак бўладиган сўзлар ва мураббийларнинг кўрсатмаларини тушунишга ҳаракат қиляпман.
- Клуб сиз учун қандай шароитларни яратиб берган ва у ердаги шароитлар, инфратузилма билан «Сўғдиёна»даги шароит ва инфратузилма ўртасида қанчалик фарқ бор?
- «Пусан» клуби мен учун жуда яхши шароитларни яратиб берган. Бу ерда футболчининг асосий вазифаси — фақат футбол ҳақида ўйлаш ва ўз устида ишлаш учун барча имкониятлар бор. «Сўғдиёна»да ҳам мен учун жуда яхши шароитлар яратилган ва у ерда катта тажриба орттирдим.
- Корея чемпионатидаги фаолиятингиздан кўзланган асосий мақсадингиз қандай?
- Корея чемпионатидаги асосий мақсадим — ўзимни бу ерда яхши томондан кўрсатиш, тажриба орттириш ва профессионал даражамни янада ошириш. Лекин энг катта орзум ва асосий мақсадим — Ўзбекистон миллий жамоаси сафида ўйнаш. Бунинг учун Кореяда ҳар куни ўз устимда ишлаб, ҳар бир машғулот ва ҳар бир ўйиндан максимал фойдаланишим керак. Миллий жамоага чақирилиш учун муносиб даражага чиқиш ва юртим шарафини ҳимоя қилиш — мен учун энг катта мақсад.
- У ерда сизни нима ҳайрон қолдиряпти?
- Кореяда мени энг кўп ҳайрон қолдираётган нарса — одамларнинг интизоми ва футболга бўлган профессионал муносабати. Бу ерда ҳамма нарса аниқ режа асосида ташкил қилинган, вақтга жуда жиддий қарашади. Футболда эса машғулотлардаги юқори интенсивлик ва тезлик менда катта таассурот қолдирди.
«Кореяда ўзимни синаб кўриш ва янги босқичга чиқиш мен учун қизиқ эди» - Отабек Аҳадов
Эксклюзив
7 сентябр, 05:30
2
Куни кеча легионеримиз Tribina.uz нашри учун интервю берди.
Фото: Getty Images
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади