«Бавария» ҳужумчиси Ҳарри Кейн жамоанинг бир қатор етакчи футболчилари жароҳат олгани ва «Атлетико»га қарши бўлажак баҳс ҳақида фикр билдирди.
«Боруссия» Дортмунд билан 2:2 ҳисобидаги дурангда Исмоил Сайбари, Серж Гнабри ва Майкл Олисе жароҳат сабаб ўйинни давом эттира олмаган. Луис Диас ҳам аввалроқ сафдан чиққанди. Шунингдек, Кейн Мюнхен клуби бош мураббийи ҳам жамоага ёрдам бера олмаётганини қайд этди.
«Бизга муҳим футболчилар етишмаяпти, худди бош мураббийимиз каби. Аммо таркибимизда ўз аҳамиятини исботлашга тайёр ёш футболчилар бор. Олдинда ҳали кўплаб ишлар ва баҳслар турибди. Дортмунднинг «Боруссия»сига қарши дуранг билан якунланган ўйинда тўртта ёки бешта гол уришимиз ҳам мумкин эди.
Баъзида натижа ўйинни аслида қандай кечганидан кўра ёмонроқ баҳолашга мажбур қилади. Мақсадимиз — Мадридда ғалаба қозониш, шундан кейин Бундеслигага эътибор қаратамиз. Жароҳат олган футболчилар тез орада сафга қайтади», — дея Кейннинг сўзларини АS нашри келтирди.
Маълумот учун, «Бавария» Дортмунднинг «Боруссия»си билан Бундеслиганинг 8-турида 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган. Мазкур баҳсда мюнхенликлар сафида Конрад Лаймер ва Даё Упамекано гол урган.
Эслатиб ўтамиз, «Атлетико» — «Бавария» баҳси 3 ноябр куни Мадридда бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 4 ноябрга ўтар кечаси соат 01:00 да бошланади.