«Барселона» чап қанот ҳимоячиси Алех Балденинг трансфер нархини 40 миллион евродан юқори баҳоламоқда. Diario Sport хабарига кўра, каталонияликлар футболчини қишки трансфер ойнасидаёқ сотиб юборишни истамоқда.
23 ёшли футболчи ушбу мавсумда атиги тўртта баҳсда майдонга тушган ва уларнинг ҳеч бирида асосий таркибда ўйнамаган. Балде Жоау Канцелу ҳамда Хави Эспарт билан рақобатда имкониятни бой бермоқда.
«Барселона» футболчини тўлиқ трансфер орқали сотишни афзал кўради. Ижара варианти эса фақат мавсум якунида мажбурий харид шарти мавжуд бўлган тақдирдагина кўриб чиқилиши мумкин. Клуб янги трансферлар учун маблағ ишлаб олишни мақсад қилган ва бу ҳақдаги позициясини футболчининг агенти Жорже Мендешга ҳам етказган.
Бальде ёзда ҳам жамоани тарк этишга яқин бўлган, бироқ ўзи қолишга қарор қилганди. У асосий таркибдаги ўрнини қайтаришига умид қилган, аммо мавсум бошланиши билан вазият ўзгармади. Ҳатто жароҳатлар сабаб таркибда муаммолар юзага келган пайтда ҳам ҳимоячи етарлича имкониятга эга бўлмади.
Маълумот учун, Балдега Италиядан «Ювентус» ва «Рома» қизиқиш билдирмоқда. Бироқ ҳар икки клуб футболчини фақат ижара асосида қўлга киритиш вариантини кўриб чиқмоқда. Унинг маоши ҳам бу жамоалар учун муаммо бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Англиядан «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» аввалроқ Балдега қизиқиш билдирган. «Ливерпул» ҳамда «Манчестер Сити» ҳам вазиятни кузатмоқда, аммо ҳозирча чап қанот ҳимоячиси трансферини устувор вазифа деб ҳисобламаяпти.