«Барселона» Испания чемпионатининг 13-туридан ўрин олган «Вилярреал»га қарши учрашув (3:2)да яримҳимоячи Фермин Лопесга кўрсатилган қизил карточка бўйича апелляция бериш ниятида. Бу ҳақда Cadena SER хабар берди.
Каталонияликлар футболчининг икки ўйинга дисквалификация қилиниши ва натижада «Депортиво» ҳамда «Атлетико»га қарши учрашувларни ўтказиб юборишидан хавотирда.
Лопес захирага олинганидан сўнг қизил карточка олганди. Футболчи захира ўриндиғида ўтирган ҳолда учрашув бош ҳаками Алехандро Эрнандес Эрнандеснинг қарорига норозилик билдирган.
«Барселона» раҳбарияти футболчининг хатти-ҳаракатлари бундай жазога лойиқ эмаслиги ва ҳакамнинг қарори адолатсиз бўлганини таъкидламоқда.
Каталонияликларнинг хавотирига ўтган мавсумда кузатилган шунга ўхшаш воқеа сабаб бўлмоқда. Ўшанда «Реал» яримҳимоячиси Жуд Беллингҳэм «Осасуна»га қарши учрашувда ҳакамга норозилик билдиргани учун майдондан четлатилган ва кейинчалик икки ўйинга дисквалификация қилинганди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади