Мадриднинг «Атлетико» клуби бош мураббийи Диего Симеоне Испания чемпионати тарихида энг кўп ғалаба қозонган мураббийга айланди.
Ла Лиганинг 13-турида мадридликлар сафарда «Хетафе»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалаба аргентиналик мутахассис учун Испания чемпионатидаги 345-ғалаба бўлди.
Маълумот ўрнида, Симеоне Ла Лига доирасида бош мураббий сифатида жами 567 та учрашув ўтказган. Унинг жамоаси ушбу баҳсларнинг 345 тасида ғалаба қозонган, 123 тасида дуранг ўйнаган ва 99 тасида мағлубиятга учраган.
Шу тариқа, аргентиналик мутахассис испаниялик машҳур мураббий Луис Арагонесга тегишли рекордни янгилади. Арагонес Испания чемпионатида 756 та учрашувда бош мураббийлик қилган бўлиб, уларда 344 та ғалабани қўлга киритганди.
Эътиборлиси, Симеоне собиқ рекордчидан 189 та кам учрашув ўтказган ҳолда унинг натижасидан ўзиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, Диего Симеоне 2011 йилдан буён «Атлетико»ни бошқариб келмоқда. Мадрид клуби аргентиналик мутахассиснинг Испаниядаги мураббийлик фаолияти давомида ишлаган ягона жамоаси ҳисобланади.