Миланнинг «Интер» клуби бош мураббийи Кристиан Киву Италия чемпионатининг 12-турида «Аталанта»га қарши кечган учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдирди. Ушбу баҳс 4:4 ҳисобидаги жанговор дуранг билан якунланди.
«Ўйинни назорат қилиш борасида кўпроқ иш қилишимиз мумкин эди. Ҳисобда иккита тўп фарқи билан олдинга чиқишга муваффақ бўлдик, аммо ўз бепарволигимиз туфайли синовдан ўта олмадик.
«Аталанта»ни табриклаймиз. Улар жарима майдонимизда кўп сонли футболчилар билан ҳаракат қилиб, бизга муаммолар туғдиришди. Икки очко йўқотдик ва бундан тўғри хулоса чиқаришимиз керак.
Ҳимоядаги ўйин? Ҳар бир эпизоднинг ўзига хос жиҳатларини тушуниш лозим. Бундай вазиятларда муносабат ва қатъият муҳим аҳамиятга эга.
Қанотларда қийинчиликларга дуч келаётганимизни ҳис қилдик. Рақибга ҳаддан ташқари кўп бўш ҳудуд қолдирдик ва буни тўғрилашга ҳаракат қилдик. Бундай юқори мақсадларга эга жамоа учун шунча кўп гол ўтказиб юбориш жуда ёмон.
Мен ортга қарамоқчи эмасман, аммо барчамиз ҳар бир учрашувда сўнгги дақиқагача бор кучимизни сарфлашимиз кераклигини англаб етишимиз лозим», — деди Киву DAZN нашрига берган интервюсида.