«Бавария» дарвозабони Свен Улрайх келажаги борасида ҳали бир қарорга келмаган. Унинг мюнхенликлар билан шартномаси ушбу мавсум якунида тугайди.
«Мен 38 ёшдаман, Мануел Нойер эса 40 ёшда. Шу сабабли бу савол ўринли. Яқин вақт ичида «Бавария» билан келажакда вазият қандай ривожланиши ва клуб нимани исташи ҳақида гаплашаман. Мавсумдан кейин Мануел билан нима бўлишини унинг номидан айта олмайман, аммо ҳозирча менинг қарорим кўп жиҳатдан унга боғлиқ», — дея Улрайхнинг сўзларини келтиради BFW.
Дарвозабондан Нойер жамоани тарк этган тақдирда ҳам фаолиятини давом эттириши мумкинми, деб сўралган.
«Ўзимни яхши ҳис қилсам, соғлом ва жисмоний ҳолатим яхши бўлса, ҳаммаси мумкин. Ҳозир айнан шундай. Бироқ вазият тезда ўзгариши мумкинлигини ҳам тушунаман. Мен бугунги кун билан яшаяпман ва айни пайтда ҳар куни майдонга чиқишдан завқ оляпман», — дея жавоб берган футболчи.
Улрайх сўнгги бор «Бавария» сафида расмий баҳсда март ойида майдонга тушган. Ўшанда мюнхенликлар «Байер» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган.