Live
1
Ўзбек

«Бавария» бош директори Мусиала ҳақида айтган фикрларини изоҳлади

Футбол
23 ноябр, 04:42
Дрезен ва Ҳёнесс касал футболчи билан хайрлашиш эҳтимоли ҳақидаги гаплари учун танқидлар остида қолишди.
«Бавария» бош директори Мусиала ҳақида айтган фикрларини изоҳлади
Foto: Getty Images

«Бавария» бош директори Ян-Кристиан Дрезен Жамол Мусиала ҳақидаги сўзларига изоҳ берди.

Август ойида Мюнхен клубининг 23 ёшли яримҳимоячиси кетма-кет икки учрашувда ўзини ёмон ҳис қилган, унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, майдонни тарк этишига тўғри келганди. Кейинчалик германиялик футболчида неврологик дисфункция туфайли юзага келадиган, қисқа муддатли, аммо осон даволанадиган абсанслар (онгнинг қисқа муддатга узилиб қолиши) аниқлангани маълум бўлди.

Ноябр ойи бошида клубнинг фахрий президенти Ули Ҳёнесс қуйидагича фикр билдирди: «У аввал намойиш этган даражасига яна қайтиши мумкинми — бу ҳам ҳали савол остида...»

Кейинчалик Дрезен Ҳёнесснинг сўзларига муносабат билдириб, шундай деганди: «Умид қиламизки, Жамол аввалги даражасига қайтади. Акс ҳолда, унинг оиласи ва агентлари билан барча масалаларни муҳокама қилишимизга тўғри келади».

22 ноябр куни Дрезен билан бўлиб ўтган учрашувда «Бавария» фан-клуби вакиллари клубнинг Мусиала билан боғлиқ вазиятни бошқариш усулини танқид қилишди.

Дрезен уларга жавобан қуйидагиларни айтди: «Сизларнинг эътирозларингизни инобатга оламан. Мен ҳам бу масала бўйича омма олдида ўз фикримни билдирганман. Ҳёнесснинг сўзларини изоҳлашга ҳаракат қилдим ва у ҳам вазиятни тўғри тушунди.

Биз Жамолга ўзига керак бўлган вақтни берамиз. Шундай қилишимиз шарт. Мен шунчаки: «Ҳеч нарсадан хабарим йўқ ва ҳеч нарса демоқчи эмасман», деб айта олмайман. Бу мен атайлаб фикр билдиришга уринган мавзу эмасди.

Менинг лавозимим футболчи ҳақида қайғуришни тақозо этади. Шунинг учун Жамолга аввалги даражасига қайтиши учун зарур бўлган вақт берилишини тушунтиришга ҳаракат қилдим.

Жамолнинг спортдаги келажаги биз учун ниҳоятда муҳим. У — ажойиб футболчи. Аммо бизнинг яна бир масъулиятимиз бор: нафақат футболчи, балки клуб олдида ҳам жавобгармиз. Бу ҳар қандай компаниядаги ҳолатга ўхшайди: агар ходим ўз вазифаларини тўлиқ бажара олмай қолса, бу масалага ҳам эътибор қаратиш керак бўлади.

Бу — футбол учун ноёб вазият ва биз бундай ҳолатларни бошқаришни ўрганишимиз керак. Бундай абсанс ҳолатлари илгари ҳеч қачон элита спортида, хусусан, футболда кузатилмаган. Сизлардан бу вазиятга тушуниш билан муносабатда бўлишингизни сўрайман.

Сизларнинг мурожаатингиздан англашилган асосий фикр шу: «Гапиринг, аммо бироз пастроқ овозда». Менимча, бу ҳаммага тушунарли»,
— деди Дрезен.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бавария Бавария
  • Бундеслига Германия Бундеслига Германия
Бугунги янгиликлар