«Бавария»нинг собиқ яримҳимоячиси Лотар Маттеус Мюнхен клуби раҳбарларининг Жамол Мусиала билан боғлиқ вазият юзасидан билдирган фикрларига муносабат билдирди.
«Ростини айтсам, бутун ҳафта давомида бироз ҳайратда қолдим. Ҳаммаси Ули Ҳёнесснинг гапларидан бошланди, кейин Ян-Кристиан Дризен, кеча эса Карл-Ҳайнц Румменигге ўз фикрини жуда аниқ билдирди. Мен Карл-Ҳайнцни жуда ҳурмат қиламан. Уни 30 йилдан ортиқ вақтдан бери танийман. У — ажойиб инсон. Аммо, албатта, у бу сўзларни бежиз айтмаган.
Сўнгги икки йил давомида «Бавария»ни кўп мақтадик: «Бавария» — катта ва аҳил оила. Бу яққол кўриниб турарди ва айнан шунинг учун бундай натижаларга эришиш мумкин бўлди. Унда нима учун ҳар икки томон ҳам тинчгина бир хонада ўтириб, бу масалани омма олдида эмас, балки Жамол Мусиала томони ва Мюнхен клуби ўртасида шахсий тарзда муҳокама қилмайди?
Биз Мусиала томонидан ҳеч қандай баёнот эшитмадик. Ҳозирча у «Бавария» билан ҳеч қандай музокара ўтказмаган. Клуб ҳам Мусиаланинг вакилларига мурожаат қилмаган.
Менимча, вазият яқин кунлар ва ҳафталар давомида чўзилиб кетмаслиги учун бу ишни ҳозироқ амалга ошириш керак. Чунки бу вазиятдан энг кўп жабр кўраётган инсон — Жамол Мусиала! Унга босим ўтказилмоқда, ундан нимадир кутишмоқда. Айниқса, клубда жароҳат олган футболчилар сони кўплигини ҳисобга олсак.
Бир-бирингиз билан гаплашинг, ўзаро келишувга эришинг!» — дея Маттеуснинг сўзларини келтиради Sky Sports.
Маттеус Мусиала ҳақидаги фикрлари учун «Бавария» раҳбариятини танқид қилди
Футбол
23 ноябр, 08:24
Клуб раҳбарлари футболчининг аввалги даражага қайтишини, жамоадаги келажагини шубҳа остига олишганди.
Foto: Getty Images