Франция миллий жамоаси ҳимоячиси Ибраима Конате ЖЧ-2026 учинчи ўрин учун Англияга қарши баҳс олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Биз Франция шарафини ҳимоя қилиш мажбуриятига эгамиз. Кўпчилик бизнинг ўрнимизда бўлишни истарди. Аммо ҳеч биримиз бу баҳсда ўйнашни хоҳламаймиз, чунки мақсадимиз финалга чиқиш эди. Шунга қарамай, бурчимизни охиригача бажаришимиз керак», — деди Конате.
Шунингдек, ҳимоячи ушбу баҳс Франция миллий жамоаси бош мураббийи Диде Дешам учун сўнгги ўйин бўлиши ҳақида ҳам гапирди.
«Биз аввало ўзимиз учун ғалаба қозонишни истаймиз. Албатта, иккинчи навбатда бу ғалабани Дешам учун ҳам қўлга киритишни хоҳлаймиз. У Франция футболи ва биз учун жуда кўп иш қилди. Биз жаҳон чемпионатида иштирок этаётган бўлсак, бу ҳам унинг танлови туфайли. Шунинг учун ундан миннатдор бўлишимиз керак.
Таркибда ротация бўлиши мумкин, аммо майдонга тушадиган ҳар бир футболчи ғалаба учун курашади. Бу Франция ва Англия ўртасидаги баҳс. Икки давлат ўртасида катта тарих бор. Биз ушбу тарихни, гербимизни ва стадионга келадиган мухлисларни ҳурмат қилишимиз шарт», — деди Конате.
Эслатиб ўтамиз, Франция ва Англия ЖЧ-2026нинг учинчи ўрни учун ўзаро тўқнаш келади. Французлар яримфиналда Испанияга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, Англия Аргентина билан баҳсда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди.