«Астон Вилла» яримҳимоячиси Морган Рожерс 20 июл, душанба куни расман «Челси» футболчисига айланади. Бу ҳақда таниқли трансфер инсайдери Фабрисио Романо хабар берди.
Манбага кўра, Рожерс шу куни Лондон клубида тиббий кўрикдан ўтади. Шундан сўнг у «Челси» билан 6 йиллик шартнома имзолайди. Битимда яна бир мавсумга автоматик узайтириш банди ҳам мавжуд.
Аввалроқ ОАВда «Челси» ушбу трансфер учун курашда «Арсенал»ни ортда қолдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Сўнгги бир неча ой давомида Рожерс айнан «канонирлар» сафига ўтиши мумкинлиги айтилаётган эди.
Хабарларга кўра, «Челси» ушбу трансфер учун 117 миллион фунт стерлинг (137 миллион евродан ортиқ) тўлайди. Агар битим расман якунланса, бу клуб тарихидаги энг қиммат трансферлардан бирига айланади.
Эслатиб ўтамиз, Фабрисио Романонинг аввалги маълумотларига кўра, «Челси» ва «Астон Вилла» трансфернинг асосий шартлари бўйича аллақачон келишувга эришган.