ЖЧ-2026 якунланиб бормоқда. Турнирнинг сўнгги олдинги баҳсида Франция ва Англия миллий жамоалари учинчи ўрин учун ўзаро тўқнаш келмоқда.
Англия учрашувни фаол бошлади ва 3-дақиқадаёқ жамоа сардори Деклан Райснинг голи эвазига ҳисобни очди.
Мазкур баҳс инглиз футболи учун тарихий аҳамиятга ҳам эга. Агар Англия ғалаба қозонса, жамоа 1966 йилги жаҳон чемпионатидан буён энг яхши натижасини қайд этади.
Гап шундаки, Англия 1966 йилда жаҳон чемпионига айланганидан сўнг мундиалларда бундан яхшироқ натижага эриша олмаган. Жамоанинг ушбу даврдаги энг юқори кўрсаткичи 1990 ва 2018 йилги турнирларда қўлга киритилган тўртинчи ўрин бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари, инглизлар ушбу 60 йил давомида уч марта жаҳон чемпионати финал босқичига ҳам йўлланма ололмаган.
Эслатиб ўтамиз, Англия ЖЧ-2026 яримфиналида Аргентинага 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди. Франция эса Испанияга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган. Энди жамоалар мундиалнинг бронза медаллари учун кураш олиб бормоқда.