Live
2
Ўзбек

ЖЧ-2026. Франция – Англия 4:6. LIVE

Футбол
18 июл, 17:00
3-ўрин учун кечадиган беллашув ниҳоясига етди.
ЖЧ-2026. Франция – Англия 4:6. LIVE
Foto: Getty Images
18.07.2026 FT Жаҳон чемпионати Франция Франция 4 : 6 Англия Англия

Жаҳон чемпионатининг учинчи ўрин учун кечган баҳсида Англия миллий жамоаси Францияни 6:4 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг бронза медалларига сазовор бўлди.

Англияликлар баҳсни жуда фаол бошлади. Деклан Райс 3-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 18-дақиқада Эзри Конса устунликни оширди. 37-дақиқада Букайо Сака учинчи голни урди, биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда эса дублини расмийлаштирди.

Иккинчи бўлим бошида Килиан Мбаппе ва Бредли Баркола ҳисобни 4:2 кўринишига келтирди. 66-дақиқада Мбаппе яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, орадаги фарқни минимумга туширди.

Бироқ 87-дақиқада Сака пеналтидан унумли фойдаланиб, ҳет-трик қайд этди. Франция Усмон Дембеле орқали яна битта гол урган бўлса-да, 90+8-дақиқада Жуд Беллингҳэм баҳсга якуний нуқтани қўйди.

Шу тариқа, Англия ЖЧ-2026нинг бронза медалларини қўлга киритган бўлса, Франция мусобақани тўртинчи ўринда якунлади.

ЖЧ-2026. 3-ўрин
Франция - Англия 4:6
Голлар:
Райс 3 (0:1), Конса 18 (0:2), Сака 37 (0:3), Сака 45+1 (0:4), Мбаппе 48 (1:4), Баркола 54 (2:4), Мбаппе 66 (3:4), Сака 87, пен. (3:5), Дембеле 90+6 (4:5), Беллингҳэм 90+8 (4:6).

Франция: Менян, Гюсто (Кунде 90+1), Конате (Упамекано 46), Лакруа, Эрнандес (Дин 46), Шерки (Дембеле 46), Рабо, Дуе (Баркола 46), Заир-Эмери, Олисе, Мбаппе.
Англия:
Хендерсон, Куанса (Жеймс 83), Конса, Спенс, Гехи (Чалоба 90+3), Рожерс, Райс, Эзе (Беллингҳэм 79), Сака, Рэшфорд (Уоткинс 46), Тони (Андерсон 79).

Foto: FIFA

90+8' Жуд Беллингҳэм баҳсга якуний нуқтани қўйди.

90+6' Дембеледан гол!

87' ГОЛ! Сака пеналтини аниқ амалга ошириб, ҳет-трик қайд этди. Шунингдек, тўплар фарқи иккитага етди, вақт эса жуда оз қолмоқда.

81. Франция миллий жамоасининг хавфли ҳужуми охирига етмай қолди. Улар рақиб жарима майдончаси ичида пас ўйнаб, рақибни шошириб қўйди, аммо охирги зарба ноаниқ бўлди.

80' Англияда ўзгариш: Эзе ўрнига Беллингҳем майдонга тушди.

77' Франциянинг майдондаги устунлиги давом этмоқда, ҳисобда эса инглизлар олдинда.

75' Олиседа ажойиб имконият пайдо бўлди. У қанотдан узатилган тўпни чап оёғи билан дарвозанинг узоқ бурчагига йўллади, бироз ноаниқ.

66' Вай, вай, ваааай! Яна гол!!! Яна Мбаппе! Тўплар фарқи атиги биттага етмоқда! Қойил Франция! Килианнинг мундиалдаги голлари эса 22 тага етди

54' ГОООЛ! Мана сизга голлар шоуси! Барколя ҳам таблога ўз номини ёздириб қўйди. Наҳотки супер камбек кўрсак-а?

49' ГОЛ! 2-бўлмни францияликлар фаол бошлашди. Натижада Килиан Мбаппе ҳисобдаги фарқни биттага қисқартирди

45+4' Танаффус!

45+1' 4:0!!! 45+1-дақиқада Сака дубл қайд этиб, францияликларни шу ондаёқ «тиз чўктирди»!

37' ГОООЛ! Очиқ футбол гувоҳига айланяпмиз. Англия ва Франция кетма-кет қарши ҳужумлар ташкил этишди, аммо инглизлар сифатлироқ ўйнашди ва ҳисоб 3:0 кўринишига келди. Сака!

33' Рэшфорд тўпни рақиб оёғи остидан ўтказиб, суперзарбани ижро этди, аммо Менян Голливуд саҳналарига мос голни йўққа чиқарди.

30' Францияликлар тўпга кўпроқ эгалик қилишга уринишяпти, аммо ҳужумдаги тезкор футболчилар гол уришга ҳаракат қилиб, тўпни тез олдириб қўйишмоқда.

18' ГОЛ! 2:0! Саканинг ўта хавфли зарбасидан сўнг бурчак тўпи белгиланди. Бурчак тўпини Райс амалга оширди ва Конса боши билан ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.

14' Мбаппе жарима майдончасига ёриб кирди, аммо узатмасини ҳимоячилар қайтаришди.

11' ГОООЛ! Сака ҳисобни 2:0 кўринишига келтирганди, аммо ён ҳакам байроқчасини кўтариб, офсайд борлигни кўрсатди.

11' Шеркининг хавфли зарбаси Хендерсон томонидан бартараф этилди.

9' Англия аввалги ўйинлар каби биринчи рақам бўлиб ўйнаяпти, Франция эса қарши ҳужумларга таянмоқда.

7' Рэшфорднинг ўта хавфли зарбаси ҳимоячига тегиб, майдонни тарк этди.

3' ГОООЛ! Деклан Райс узоқ масофадан Менян дарвозасини ишғол қилди.

1' Ўйин бошланди. Бугун таркиблар кутилганидек эмас, чунки иккала жамоа ҳам мундиалга камида финал учун келган эди. Мураббийлар таркибда ўзгаришлар амалга оширишган ва бу Англияга яққол кўзга ташланмоқда.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Франция Франция
  • Англия Англия
  • Жаҳон чемпионати Жаҳон чемпионати
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

20+ изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар