Франциялик яримҳимоячи Пол Погба узоқ танаффусдан сўнг «Монако» сафида яна майдонга қайтди. 33 ёшли футболчи мавсумолди ўртоқлик баҳсида «Сен-Приест»га қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида майдонга тушди.
«Монако» мазкур баҳсда 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Погба гол ёки ассист қайд этмаган бўлса-да, унинг майдонга қайтгани клуб ва мухлислар учун муҳим воқеа бўлди. Яримҳимоячи шу орқали янги мураббийлар штаби олдида жисмоний ҳолатини намойиш этиш имкониятига эга бўлди.
Погба учун ўтган мавсум омадсиз кечди. Жароҳатлар сабаб у барча мусобақаларда атиги 133 дақиқа ҳаракат қилди ва фақат бир марта асосий таркибда майдонга тушди. Бу баҳс 2 май куни «Метс»га қарши кечган эди.
Шу билан бирга, Погбанинг «Монако»даги келажаги ҳануз мавҳумлигича қолмоқда. Клуб бош директори Тиаго Скуро футболчининг ёзги трансфер ойнасида жамоани тарк этиши эҳтимолини инкор этмади.
«Ҳа, албатта, бундай эҳтимол бор. Балки у кетар, балки қолади. Бу жуда мураккаб масала. Биз, аввало, Погбани инсон сифатида жуда ҳурмат қиламиз. У келганида ижобий кайфият олиб келди, ёш футболчиларга ёрдам берди. Аммо ростини айтиш керак, ўтган мавсумдаги лойиҳа биз кутгандек ишламади», — деди Скуро.
Клуб раҳбарияти Погбанинг юқори маоши ва шартномасининг сўнгги йилига кираётганини ҳам инобатга олмоқда. Шу сабабли унинг жамоада қолиши ёки трансферга қўйилиши масаласи ёз давомида ҳал этилади.
Янги бош мураббий Филипe Луис эса якуний қарорни қабул қиладиган асосий шахс бўлади. Мураббий мавсумолди йиғинлари давомида Погбанинг жисмоний ва техник тайёргарлигини баҳолаб, унга янги мавсумда имкон бериш ёки бермаслик борасида қарор чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, Пол Погба 2018 йилги жаҳон чемпиони ҳисобланади. Сўнгги йилларда у кетма-кет жароҳатлар ва бошқа муаммолар сабаб фаолиятидаги энг мураккаб даврни бошдан кечирмоқда.