Суперлиганинг 13-тури давом этмоқда. Тошкентда «Локомотив» ҳамда «Андижон» жамоалари ўртасидаги учрашув жанговар дуранг – 3:3 ҳисоби билан якун топди. Ушбу қизиқарли беллашувдан кейин меҳмонлар устози Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.
- Ғалабага тенг дуранг билан барча андижонлик мухлисларни, вилоят ҳокимимизни табриклаймиз. Йигитларимизга охиригача курашгани ва характер кўрсатишгани учун катта раҳмат. Ўйинга келадиган бўлсак, қийин кечишини билардик. Сабаби, бизда бироз руҳий тушкунлик бор эди. Боиси, ўз майдонимизда «Сурхон» жамоасига ютқазиб қўйгандик. Қолаверса, қатор ўйинчиларимизда жароҳатлар ҳам бор эди. Шунинг учун учрашувни оғир кечишини билардик. Лекин Худога шукр, иккинчи бўлимда ўйин тизгинини қўлимизга олиб, дурангга эришдик.
- Руҳият ҳақида гапирдингиз. Шу ҳақида батафсилроқ билмоқчи эдим. Жамоада молиявий ҳолат яхши деб эшитганман. Бундан ташқари, натижалар ҳам ёмон эмасди. Руҳий ҳолат нимадан келиб чиқяпти?
- Руҳий ҳолат фақат пул билан боғлиқ эмас. Худога шукр, жамоамизда шароит, маблағ томонлама ҳеч қанақа муаммо йўқ. Хорижга чиқиб йиғин ўтказиб келдик. Барибир орада катта танаффус бўлди. Шундан кейинги биринчи ўйинимизни уйимизда ўтказдик. Барибир у ерда мухлисларни босими ва йигитларда халқимиз олдида ғалабага эришишимиз керак, деган жавобгарлик уларни босиб қўйди ва ўша ўйинда эркинроқ ҳаракат қила олишмади. Ўз-ўзидан уйимизда мағлубиятга учраганимиздан кейин бу ердаги учрашувда яна руҳият билан ишлашимизга тўғри келарди. Биринчи таймда ишонч бироз ўз таъсирини билдирди.
- Ўтган ўйиндан кейин жамоа ФИФА тақиқини ҳал қилди дегандингиз. Хабаримизга кўра, ҳали ҳам бу муаммо тўлиқ ҳал бўлмаган экан. Масалан, Артём Одинцов билан ҳам шундай муаммо бор экан…
- Бу ҳолат бўйича раҳбариятимиз билан гаплашганмиз. Қарздорликларни ҳаммасини ёпиб, бу ҳақида ФИФАга жўнатилди. Айтиши бўйича, банк орқали ўтади ва айнан шу жараёнда қаердадир узилиш бўлиб қолган. Бироқ ФИФАга тўлов амалга оширилгани тўғрисида хат юборилган. Худо хоҳласа, эртага шу тақиқ ечилиб қолса керак. Биз ҳам кутяпмиз.
- Мартин Боаке қайдномадан ўрин олмаяпти. Уни кетиши мумкин деб ҳам эшитдик. Қолаверса, Ашорти ҳам бугун қайдномада йўқ эди…
- Ашортига келсак, охирги машғулотимизда жароҳат олиб қолди. Боаке ёзги йиғинни биз билан бирга ўтказди. Келганидан кейин бироз жароҳат олиб, уйига кетди ва даволанди. Куни кеча сафимизга қўшилди ва уни ҳам кейинги учрашувларга тайёрлаб борамиз.
- «Андижон» қайси жиҳатларда ютдию ва қайси жиҳатларда ютқазди?
- Тўғриси, ўйинни кўриб, таҳлил қилгач айтиш осонроқ эди. Кўпроқ мувозанатда ва қарши ҳужумда ўтказиб юбордик. Шу томонлама ютқаздик. Биринчи бўлимда ҳужумга ўтишда озгина шошилдик. Иккинчи таймда тўпни назорат қилдик, режалаштирилганидек, Драган Черанни танаффусдан сўнг майдонга туширдик. Драган орқали ўйинни тузишни режа қилдик ва бу амалга ошди. Тўп назорати бизга ўтгани фойдамизга ишлади.
- Яқинда подкастда хонанда Ғайрат Усмонов ўғли Муҳаммадали Усмоновни «Андижон»да ўйнашни хоҳлаганди, аммо унга имконият беришмади деб айтди. Сиз ҳам мураббийлар штабида эдингиз. Шунга муносабатингиз қандай?
- Ғайрат Усмоновни ўғли жамоага келган пайтда мен йўқ эдим. Клубга бу йил январ ойида Самвел Вячеславовични мураббийлар штабига қўшилганман. Вақтинчалик бош мураббий лавозимига ўтганимдан кейин соғлом рақобатни йўлга қўйдик. Ким ўзини кўрсатса, ҳақли бўлса, қанақа ном бўлишидан қатъий назар ўшаларни асосий таркибга чиқишини таъминладик. Мана, ўзини кўрсатаётган ёшларни таркибга қўйишни бошладик. Бу ҳам ўз самарасини беряпти. Асосий таркибга лойиқлигини кўрсата олишса, ҳаммага имконият берамиз.
- Шунда жамоадаги оптимал таркибни ҳали аниқлай олмаганмисиз ёки «Локо»га қарши тушган таркиб оптималми?
- Йўқ, бизга вазифа 3-ўринни эгаллаш қўйилган. Шунинг учун жамоамга тенг кучли ўйинчилар олиб келинган. Ҳаммасини тенг шакллантириб ва чемпионат тиғизлигини ҳисобга олганда, барчасига имконият бериб, ротациялар билан фойдаланиб, кучларни тенг тақсимлашга ҳаракат қиляпмиз.
- 3-ўринни эгаллашни қанча фоизга баҳолай оласиз?
- Худо хоҳласа, биз ҳар доим яхши ният қилиб, максимал даражада ҳаракат қилаверамиз. Натижаси Аллоҳдан!
- Бош мураббий сифатида ишлаётган чоғингизда натижаларингиз кўзга кўринарли бўлиб қолмоқда. Худди «Челси»да Виллаш Боаш, Ди Маттео сингари. Дуранг натижа раҳбариятни ҳам қониқтирмаса керак. Бу ўзингизга ҳам қўшимча босим ўтказмаяптими?
- Йўқ. Биринчи ўринда масъулият жуда катта. Бизни ишқибозларимиз жуда ҳам талабчан. Вилоят ҳокимимиз билан кўришганимизда ўзи қўллаб-қувватлашини мен турибман, қўрқмасдан ҳаракат қилавер деб ишонч билдиргани учун қўрқмасдан ҳаракат қиляпмиз», - дея Ислом Аҳмедовнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.