Бугун
59
Ўзбек

Хамидулло Каримов: «Бу мен учун катта мотивация»

Футбол
23 июл, 16:09
У «Андижон» клуби матбуот хизматининг саволларига жавоб қайтарди.
Хамидулло Каримов: «Бу мен учун катта мотивация»
Фото: Андижон ПФК

«Андижон»нинг Тошкентда «Локомотив»га қарши ўтган жанговар ўйинида «бургутлар»нинг сўнгги учинчи голига муаллифлик қилган Ҳамидулло Каримов Суперлигадаги дебют голини киритишга муваффақ бўлди.

U21 чемпионатида тўпурар бўлиб келаётган ҳужумчи Суперлигада ҳам голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлди. У «Андижон» клуби матбуот хизматининг саволларига жавоб қайтарди.

- Хамидулло, «Локомотив»га қарши ўйинда асосий жамоадаги дебют голингизни урдингиз. Албатта, бунгача Кубок баҳсида ҳам гол ургандингиз. Аммо Суперлигада биринчи марта гол муаллифи бўлдингиз. Ҳиссиётлар қандай?

- Албатта, ҳиссиётларимни сўз билан ифодалаш қийин. Бу мен учун унутилмас кун бўлди. Кубок баҳсида ҳам гол урган эдим, аммо Суперлигадаги илк голимнинг аҳамияти бошқача. Аввало, менга ишонч билдирган мураббийлар штабига, жамоадошларимга ва бизларни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга катта раҳмат айтаман. Бу гол менга янада ишонч бағишлади. Энди шу ерда тўхтаб қолмасдан, кўпроқ меҳнат қилиб, жамоамга янада кўпроқ фойда келтиришга ҳаракат қиламан.

- Аслида охирги дақиқаларда захирадан тушаётганингизда нималарни ўйладингиз? Мураббийларнинг кўрсатмаси қандай бўлди?

- Ҳа, ўйиннинг охирги дақиқалари эди ва майдонга тушишим билан жамоага фойдам тегиши ҳақида ўйладим. Ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим. Мураббийлар эса хотиржам ўйнаш, ҳужумда фаол бўлиш ва рақиб ҳимоячиларига босим ўтказиш бўйича кўрсатма беришди. Шу вазифаларни бажаришга интилдим ва бахтимга гол уриш насиб қилди.

- Қизиғи, сиз ўринбосарлар учрашувида ҳам бир кун олдин “Локо” дарвозасини ишғол қилгандингиз ва асосий жамоалар баҳсида ҳам тўп киритдингиз. Буни кутганмидингиз?

- Ҳа, ростдан ҳам қизиқ ҳолат бўлди. Бир кун олдин ўринбосарлар таркибида ҳам «Локомотив»га қарши гол ургандим. Албатта, иккинчи куни ҳам гол ураман, деб аниқ ўйламаганман. Лекин майдонга тушсам, жамоамга фойда келтириш ва имконият бўлса гол уриш ҳақида ўйлаганман. Худога шукур, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди. Бу мен учун катта мотивасия ва келгуси ўйинлар учун янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди.

- Гол ураётган пайтингизда дарвозабон билан тўқнашиб кетдингиз. Жароҳат жиддий эмасми?

- Ҳа, ўша вазиятда дарвозабон билан тўқнашув бўлди. Бироз оғриқ сезилди, лекин ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Шукурки, жиддий жароҳат йўқ. Энг муҳими, жамоага фойда келтириб, гол уришга муваффақ бўлганимдан хурсандман

- Голингизни кимга бағишладингиз?

- Ростини айтсам, бу голни мени қўллаб-қувватлаб келаётган барча инсонларга бағишлайман. Бу ҳали бошланиши, олдинда янада кўпроқ меҳнат қилиб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламан», - деди Каримов.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Андижон Андижон
Бугунги янгиликлар