«Барселона» Дортмунднинг «Боруссия» клубидан ҳужумчи Карим Адейеми трансферини расман эълон қилди.
Клуб хабарига кўра, томонлар футболчининг трансфери бўйича келишувга эришган. 24 ёшли германиялик футболчи Каталония клуби билан 2031 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекди.
«Барселона» расмий баёнотида Адейемининг ҳужум чизиғидаги универсаллиги алоҳида таъкидланган.
«Карим Адейеми жамоамизга тезкор ва серқирра ҳужум салоҳиятини олиб келади. У фаолияти давомида қанотларда ҳам, марказий ҳужумда ҳам самарали ҳаракат қила олишини намойиш этди. Унинг юқори тезлиги ва кучли чап оёғи жамоамиз учун муҳим қурол бўлади», — дейилади клуб баёнотида.
2025/26 йилги Бундеслига мавсумида Адейеми 28 та баҳсда майдонга тушиб, 7 та гол ва 4 та голли узатма муаллифига айланди. УEФА Чемпионлар лигасида эса у 9 та ўйинда иштирок этиб, 3 та гол ва 2 та голли узатма қайд этди.
Қайд этиш жоиз, Адейеми Мюнхенда нигериялик ота ва руминиялик она оиласида таваллуд топган. У «Барселона»нинг ёзги трансферлар ойнасидаги энг муҳим харидларидан бири бўлди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади