Бугун
59
Ўзбек

Темур Кападзе: «Ўзимда ҳам саволларим кўп»

Эксклюзив
23 июл, 15:36
«Навбаҳор» бош мураббийи «Қизилқум»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Темур Кападзе: «Ўзимда ҳам саволларим кўп»
Фото: Tribuna.uz
23.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Навбаҳор Навбаҳор 1 : 1 Кизилкум Кизилкум

Чемпионат аввалида катта мақсадларни қўйган «Навбаҳор» 5 турдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Суперлиганинг 13-турида кўпчилик наманганликларни «Қизилқум» устидан ғалаба қозонишини кутишганди. Бироқ беллашув 1:1 ҳисобида якунланди.

Олдинда эса наманганликларни «Нефтчи»га қарши даҳшатли водий дербиси кутиб турибди. Шу ва бошқа саволларга «Навбаҳор» бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида жавоб қайтарди.

- Жамоага ғалаба керак бўлиб турган пайтда охирги 20-25 дақиқада сифатли ҳужум кўрмадик. Негадир футболчилар узоқдан кераксиз зарбаларни беравердилар. Бу нима билан боғлиқ?

- Нима билан боғлиқлигини билмадим. Иккала бўлимда ҳам кераксиз хатолар кўп бўлди. Айниқса, қарорда, тўп чиқарадиган жойда чиқармаяпмиз. Пас берадиган жойда алдашга киришиб кетяпмиз. Балки ҳаммага тегишли эмасдир, аммо умумий олганда, индивидуал кўп хатолар бўлди. Қанақа ўйнашимиз кераклиги бўйича кўриб чиққандик. Балки ўтган ўйиндаги руҳият билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Хулоса чиқарамиз, кейинги учрашувга тайёргарлик кўришимиз керак. Бу ҳам бизга сабоқ бўлди. Албатта, йигитлар билан кўриб, таҳлил қиламиз. Хатолар кўп бўлди.

- Руҳият кейинги ўйин олдидан жамоага қанчалик даражада панд бериб қўйиши мумкин? Яъни, майдонда футболчиларни ўзини тутишида ҳам билиняптики, жамоа бир неча турдан бери ютолмаяпти ва бу ҳол ўйинчиларга катта босим юклаяпти. Кейингиси эса чемпионат пешқадамига қарши бўлади.

- Албатта, ҳар бир мағлубият кайфиятга ҳам ва ҳар тарафлама таъсир қилади. Ўзига яраша босим ҳам бўлади. Бугунги ўйинда ҳам айрим футболчиларимга саволлар бор. Хоҳлаймизми-йўқми, кейинги учрашув водий дербиси. Бунга яхши тайёргарлик кўришимиз керак. Ҳозир ҳамма нарсани чеккага сурган ҳолда тайёрланишимиз лозим.

- Дилшод Комилов ҳимоячи бўлишига қарамай, кўп бор рақиб жарима майдонига борди. Норчаев ўтган ўйинда ҳам, бу ўйинда ҳам йўқолиб қолгандек таассурот қолдирди. Кожо ҳали жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлмагандек…

- Биринчидан, «Қизилқум» ўйин бошидан ҳимоядан ўйин қурди. Ҳимояни ёриб ўтишда қийналдик. Яхшироқ ўйнасак бўларди. Деярли биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам тўп билан ва ҳужумда эдик. Ҳа, «Қизилқум»ни ҳам алоҳида айтиш керакки, яхши ҳимояланди ва охиригача курашди. Албатта, Дилшод қанотдан узатмаларни кутди, биринчи голни ҳам шундай тарзда урди. Лекин узатмаларни кам қилдик. Ўзимда ҳам саволларим кўп, ҳозир бир нарса дегим ҳам келмаяпти.

- Футболингизни кўряпмиз, жуда ҳам мураккаб. Натижа келтирадиган футболни шакллантириш учун анча вақт зарур? Бунинг учун «Навбаҳор»га қанча вақт керак? Шунингдек, кейинги турдаги рақиб – «Нефтчи» жуда мураккаб. Масалан, қандайдир схемаларингиздан воз кечиб, соддароқ футбол ўйнаш керак бўладими?

- Хоҳлаймизми-йўқми, янги ўйинчилар бор, ўзига яраша талаблар ҳам бор. Жамоа қуриляпти. Ўйиндан-ўйинга кучайиб бораверади, бунга аминман. Кўп хатолар қилдик, бугун. Жамоамизда ижрочилар ҳам ҳар тарафлама яхши. Ҳамма ҳар хил формада. Кимдир жароҳатидан қайтди, кимдир анчадан бери машғулотда бўлмаган. Кўп нюанслар бор, биз мураббийларни бошимизни оғритадиган. Аниқ бу вазиятдан чиқамиз. «Нефтчи»га келадиган бўлсак, кучини ҳам, камчиликларини ҳам биламиз. Ҳозирги кунда яхши даражада ўйин кўрсатяпти. Бизни ҳам бу учрашувга ўз режамиз бўлади. Ғалаба учун ҳаракат қиламиз.

- «Нефтчи» лақабига мос равишда йўлбарс каби рақибларига ташланиб кўплаб голлар уряпти. Кейинги ўйинда йўлбарсларга хўрак бўлиб қолишдан қўрқмайсизми? «Навбаҳор» юқори ўринларни мақсад қилган, аммо ғалабасиз серия давом этяпти. Ғалаба қозона олмаслик раҳбариятни сизга бўлган ишончи пасайишига сабаб бўлмайдими?

- Буни вақт кўрсатади. Ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Албатта, натижага қараб иш қилинади. Натижа ҳам бирданига келмайди. Бугун йиғилди, эртага натижа деган нарса йўқ. Бунинг учун йил бошидан ҳаракат бўляпти. Раҳбарият ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Лекин футболда вақт керак. Бир йилда деярли 90 фоиз жамоани ўзгартириб, бир нарсага эришиш қийинроқ. Ўзимга ишонч ва йигитларга ҳам ишонч бор. Қолганини вақт кўрсатади. Бу ҳали биринчи даврани ўйинлари.

Эсдан чиқармаслик керакки, биз уйимизда ўйнамаяпмиз. Бу хоҳлаймизми-йўқми, ҳаммага ҳар хил туюлиши мумкин. Тўғри, «Қизилқум»дек жамоани ютишимиз керак. Қаерда бўлишимиздан қатъий назар кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Ҳамма нарсани тушуниб турибмиз. Кучли эдик. Албатта, келган мухлисларимизга раҳмат айтаман. Лекин биламизки, Наманганда қанча ва қандай мухлислар бор. Уларни қўллаб-қувватлаши, 12-ўйинчи бўлиши бу бошқача, шу нарсаларни камлиги барибир сезиляпти. Тез орада уйимизда ўйнашни бошлаймиз. Ўзига яраша ёқимли ва босим ҳам бўлади. Уйда деворлар ҳам ёрдам беради, деган гап бор. Профессионал даражада ишлаймиз.

- Схема масаласида бироз тушунмадим. Сизларда ҳозирда ўйналаётган схема қанақа?

- Ўйинда ўзгаришлар бўляпти. Эпизодларда ҳимояда 3 талик ёки 2 талик бўлиб ҳам қоляпмиз. Буни муаммо жойи йўқ. Рақиб жамоани ҳужуми ёки ҳимоясига қараб ўзгаришлар бўляпти. Албатта, кўриб чиқяпмиз, шаклланяпмиз, бу иш жараёни. Ғалаба билан бу иш жараёни бўлса янада ёқимли бўлади. Ўтган ўйинда ҳам камида дуранг бўладиган жойда охирида ғалабамизни қўйиб юбордик. Футболчиларимиз ўшанда охиригача ҳаракат қилишмади. Биз учинчи голни уришимиз керак эди, аммо рақиб учинчи голни уриб кетди. Қаердадир омадсизлик ҳам бор нарса. Тўғри тушуняпман, ҳеч ким ютқазгиси келмайди. Аммо биз янада яхшироқ ва тўғрироқ ишлашимиз керак.

- Ўткир Юсупов жаҳон чемпионатига чиқишимизда катта ишни бажарди. Мундиалдаги ўйинларини инобатга олмаганда ҳам ундан олдинги ва кейинги учрашувларда эътирозли саволларни пайдо қиляпти. Масалан, бугун ҳам зарбани қайтарса бўларди. Бу уни ёши билан боғлиқми ёки жисмоний ҳолати биланми? Аввалги топ даражадаги Ўткир Юсуповни йўқотиб қўйгандекмиз.

- Албатта, қаердадир сифатлар бўлади. Ўткир барибир миллий жамоани дарвозабони. Қанақа даражадалигини ўзи ҳам айтиб туради. Камчиликлар балки руҳият билан боғлиқ бўлиши мумкин. Юсупов яхши даражадаги дарвозабон. Ўзи ҳам тушуниб турибди. Футболда ҳаммада бир синов бўлади. Ўйлайманки, буни барчамиз тўғри тушунамиз. Ҳаммамиз ишлашимиз керак ва меҳнат орқали барчаси жой-жойига тушади.

- Учрашув қайдномасидан Муҳаммадали Усмонов ўрин олмади. Бунга нима сабаб?

- 23 тадан кўпроқ футболчи бўлганида қўйсак бўларди. 20 та, ундан иккитаси дарвозабон. Шу боис бугун шундай хулосага келдик. Бошқа ўйинчиларни қўйдик. Кейинги учрашувларда у ҳам бўлади. Муаммо йўқ, ҳар бир футболчи жамоа учун ҳаракат қиляпти. Яхши даражадаги ўйинчилар. Учрашувлар кўп, ҳаммасига имконият берамиз», - дея Кападзенинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Навбаҳор Навбаҳор
  • Кизилкум Кизилкум
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар