Мадриднинг «Реал» клуби собиқ дарвозабони Антонио Адан 39 ёшида профессионал футболчилик фаолиятини якунлашга қарор қилди. Бу ҳақда испаниялик футболчи ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида маълум қилди.
«Бу ҳақда узоқ ўйладим ва футболчилик фаолиятимни якунлаётганимни эълон қилмоқчиман. Болалигимда орзу қилган барча нарсаларни бошдан кечирдим. Ғалабаларга эришдим, мағлубиятларни ҳам қабул қилдим, йиғладим ва қувондим. Энг муҳими, кўп нарсани ўргандим. Бугун эга бўлган барча нарсам учун футболдан миннатдорман. Буларнинг барчаси хотирамда абадий сақланиб қолади», — деди Адан.
Антонио «Реал» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2013 йилга қадар мадридликлар тизимида бўлган. Кейинчалик у «Каляри», «Бетис», «Атлетико» ва Португалиянинг «Спортинг» клуби дарвозасини қўриқлади. Унинг фаолиятидаги сўнгги жамоа эса Эроннинг «Истиқлол» клуби бўлди.