Live
4
Ўзбек

Жамшид Саидов: «Футболчиларга жиддий эътирозим йўқ»

Эксклюзив
23 июл, 14:57
«Қизилқум» устози «Навбаҳор»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Жамшид Саидов: «Футболчиларга жиддий эътирозим йўқ»
Фото: Қизилқум ПФК
23.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Навбаҳор Навбаҳор 1 : 1 Кизилкум Кизилкум

Тошкентда «Навбаҳор» ва «Қизилқум» жамоалари ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди ва ҳар иккала клуб ҳам бир очкодан бўлишиб олишди. Ушбу баҳс якунига етганидан кейин навоийликларни бошқараётган Жамшид Саидов матбуот анжуманида қатор саволларга жавоб бериб ўтди.

«Нима дейиш мумкин? Ўйин биз учун жуда оғир кечди. Биз асосан ҳимоядан ҳаракат қилиб, қарши ҳужумларга таяндик. Бунга тайёргарлик кўргандик, «Навбаҳор» қандай ўйнашини яхши билардик.

Умуман олганда, жамоамнинг ўйинидан мамнунман. Албатта, айрим вазиятлар борки, улардан қониқмадим. Лекин уларни кейин албатта таҳлил қиламиз.

Энг аввало, футболчиларимга катта раҳмат айтмоқчиман. Улар охиригача курашишди. Ўйин жуда оғир бўлди, аммо қандай бўлмасин, уларга миннатдорчилик билдираман. Бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларимизга ҳам алоҳида раҳмат.

Чемпионат эндигина иккинчи даврага кирмоқда. Шунинг учун ҳар бир ўйин жуда қийин кечади. Турнир жадвалига қарасангиз, пастки ўринлардаги барча жамоалар ҳар бир очко учун қаттиқ курашмоқда. Шу боис осон ўйиннинг ўзи йўқ. Буни аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам такрорлайман. Энди ҳар бир жамоа ҳар бир очко учун охиригача жанг қилади.

- FIFA кунларидан кейин «Қизилқум» икки учрашувда атиги бир очко тўплади. Ёзги йиғинларни ҳам кузатдик. Умуман олганда, йиғиндан қай даражада кўнглингиз тўлди? Чунки жамоа тўртта назорат учрашуви ўтказди, бирортасида ғалаба қозона олмади ва кўп гол ўтказиб юборди.

- Ҳа, трансфер ойнаси ва танаффус даврида, афсуски, таркибимиз тўлиқ бўлмади. Айрим футболчилар жароҳатланган эди, баъзилари касал бўлиб қолди. Шунинг учун тўлиқ таркибимиз билан атиги иккинчи ўйинни ўтказяпмиз.
Бундан ташқари, жамоамиз янгиланмоқда. Янги футболчилар келди. Уларга янги муҳитга мослашиш учун маълум вақт керак бўлади. Ўйлайманки, ўйиндан-ўйинга улар тобора яхши мослашиб, мен талаб қилаётган футболни кўрсатишади.

- Ўйин бошланиши сизлар учун жуда оғир кечди. Тезкор гол ўтказиб юбордингиз. Бу ерда позицион ёки индивидуал хатолар ҳам бўлди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, рақиб яна хавфли вазият яратди ва шу пайтда «Қизилқум» бутунлай тарқалиб кетадигандек туюлди. Кейин эса жамоа ўзига келди, ҳисобни тенглаштирди, ташаббусни қўлга олди. Иккинчи бўлимда эса очиғини айтганда, «Қизилқум» ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Жуда кўп имкониятлар бўлди, аммо якунлашда муаммо кузатилди. Ўйинни ўзгартиришга нима сабаб бўлди? Нега охиригача ғалабани сақлаб қолишнинг иложи бўлмади?

- Аввало, биз «Навбаҳор» ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ агрессив ҳужум қилишини билардик. Биринчи голни ҳам омадсиз тарзда ўтказиб юбордик. Ҳимояда ўз вақтида жойлаша олмадик, қанотдан узатма бўлди ва шунинг натижасида гол кирди.

Аслида, «Динамо»га қарши ўйинда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Афсуски, биринчи бўлимда бизда ҳаяжон ва ўзаро тушунмовчилик сезилади. Иккинчи бўлимда эса тактик жиҳатдан ўзгариш қиламиз ва анча яхши ўйин намойиш этамиз.
Имкониятларимиз ҳам бўлди, гол ҳам урдик. Ҳакам билан боғлиқ айрим вазиятларни ҳали қайта кўрмадим. Лекин умумий олганда, футболчиларга жиддий эътирозим йўқ.

Дастлабки 10–15 дақиқа рақибнинг кучли босими остида қолдик ва гол ўтказиб юбордик. Ҳисобни тенглаштирганимиздан кейин эса ишонч пайдо бўлди, хотиржамлик ошди ва мувозанатимиз ҳам анча яхшиланди.

- Сиз бироз аввал жароҳатлар ҳақида гапирдингиз. Ислом Кенжабоев ҳам йиғин давомида якка тартибда машғулот ўтказганини кўргандик. Ўйин олдидан унинг ҳолати қандай эди? У ўйнашга тўлиқ тайёрмиди? Уни биринчи бўлимда алмаштириш режаларингизни ўзгартириб юбордими?

- Ҳа, Ислом Кенжабоев йиғиннинг катта қисмини жароҳати сабаб ўтказиб юборди. У ўйинга тахминан бир ҳафта қолганда умумий гуруҳга қўшилди. Биринчи бўлимда уни алмаштиришимнинг сабаби шундаки, у ҳатто ўйин олдидан қизиш машқлари пайтида ҳам ноқулайлик ҳис қилди. Шифокорлар билан маслаҳатлашдик, зарур муолажаларни қилдик. Аммо барибир у ўйинни давом эттира олмади. Ҳозир унинг жароҳати қанчалик жиддий эканини айта олмайман. Вақт кўрсатади. Худо хоҳласа, кейинги ўйингача тикланиб, асосий таркибга қайтади. Энди шифокорлар унинг соғайиши устида ишлашади.

- Бундан аввал ҳам «Қизилқум»да фаолият юритгансиз. Ўшанда жамоанинг мақсади ҳақида сўралганда, «мақсадимиз — кучли ўнталикдан ўрин олиш», деган эдингиз. Ҳозирги турнир жадвалидаги вазиятни инобатга олсак, шу мақсад ҳали ҳам ўзгармаган деб айтиш мумкинми?

- Бу менинг «Қизилқум»га иккинчи бор келишим. Агар жамоа бундай вазиятда бўлмаганида, эҳтимол мени таклиф қилишмасди ҳам. Табиийки, иккинчи даврада асосий кураш Суперлигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш учун кечади. Турнир жадвалига қарасангиз, очколар орасидаги фарқ жуда ҳам кичик. Шунинг учун ҳар қандай мураббий бундай вазиятда энг аввало жамоани Суперлигада олиб қолишни мақсад қилади. Кейин эса ҳаммаси ўйиндан-ўйинга маълум бўлади. Яна бир бор айтаман, турнир жадвали жуда зич. Икки-учта ўйинда кетма-кет ғалаба қозонсангиз, дарҳол юқорироқ поғонага кўтариласиз. Шунинг учун ҳар бир жамоа ҳар бир очко учун охиригача курашади. Буни ўзингиз ҳам ҳар турда кўриб турибсиз. Ҳеч кимга осон бўлмайди. Менимча, жон сақлаб қолиш учун кураш жуда кескин кечади.

- FIFA кунларидан кейин яна жуда зич тақвим бошланди. Жамоалар ҳар тўрт-беш кунда майдонга тушмоқда. Бугун ҳам «Навбаҳор»га қарши ўйинда жуда кўп куч сарфланди. Кейинги рақиб эса «Насаф». Жамоа бу ўйингача тикланишга улгурадими?

- Албатта, бунга ҳаракат қиламиз. «Насаф» биздан бир кун олдин ўйин ўтказди, демак, уларда тикланиш учун кўпроқ вақт бор. Лекин биз ҳам футболчиларни имкон қадар тезроқ тиклашга ҳаракат қиламиз ва кейинги ўйинга яхши ҳолатда етиб боришни режалаштирганмиз.

- Яна бир савол. Ўтган йиллар якунига кўра, Ўзбекистондаги энг йирик компания — Навоий кон-металлургия комбинати ҳисобланади. Лекин сўнгги мавсумларда ОКМК олтин ва кумуш медаллар учун курашаётган бўлса, «Қизилқум» асосан жон сақлаб қолиш учун курашмоқда. Бунинг сабабини нима билан изоҳлайсиз?

- Ростини айтсам, бу савол менга эмас. Бу масалага раҳбарият жавоб бериши керак. Айрим жиҳатлар борки, ҳозир улар ҳақида гапиришим тўғри бўлмайди.

- Файзулло Ризоқуловнинг ўйини ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Бугун айниқса ўнг қанотда ҳам, ҳимояда ҳам яхши таассурот қолдирди.

- Ҳа, у ёш ва истиқболли футболчи. Марказий ҳимояда ҳам, ўнг қанотда ҳам ўйнай олади. Менимча, у ҳар бир ўйинда ўз устида ишлаб, тобора ўсиб бормоқда ва биз ундан кутаётган ишончни оқлаяпти», - дея Жамшид Саидовнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Навбаҳор Навбаҳор
  • Кизилкум Кизилкум
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар