Бугун
59
Ўзбек

Анвар Ғофуров: «Майдонга уруғ сепилганди, аммо Термиздаги иссиқ об-ҳаво куйдириб юборди»

Футбол
23 июл, 14:26
«Сурхон» бош мураббийи «Динамо»га қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Анвар Ғофуров: «Майдонга уруғ сепилганди, аммо Термиздаги иссиқ об-ҳаво куйдириб юборди»
Фото: Динамо ПФК
23.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Сурхон Сурхон 1 : 2 Динамо Динамо

Бугун Суперлигада 13-турга якун ясалди. Самарқандда «Динамо» номинал меҳмон, «Сурхон» эса номинал мезбон мақомида ўйнади.

Қизиқарли ўтган учрашувда термизликлар 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўтган турда Андижонда улар худди шу ҳисоб билан ғалаба қозонишганди.

Футболда ғалаба ва мағлубият доимо ёнма-ён юришининг яна бир исботи, албатта.

«Сурхон» жамоаси устози Анвар Ғофуров учрашувдан кейин матбуот анжуманида қатнашди.

- Жуда яхши рақибга қарши ўйнадик. Яхши ўйин бўлди, деб ўйлайман. Рақиб ҳам бизга қарши яхши тайёргарлик кўрган экан. Қайсидир вазиятларда билиб ўйнашди. «Сурхон» футболчилари кўп ҳаракат қилишди. Қайсидир ҳолатларда омад кулиб боқмади. Уларга ҳаракатлари учун раҳмат айтаман. Борларини бериб ўйнадилар. Лекин футбол шунақа, агар вазиятдан унумли фойдаланмасанг ва рақиб фойдаланиб кетса, катта эҳтимол мағлубиятга учрайсан. Иложи борича ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш керак. Ўйлайманки, келаси учрашувларда ғалабаларга эришамиз.

- Таркибдаги кўп йўқотишларга қарамай, «Сурхон» ёзги танаффусдан кейинги чемпионатни яхши бошлади. Андижондан кутилмаган ғалаба билан қайтди. Ўша ўйин билан таққослаганда бугун жамоангизга нима етишмади?

- Балки «Андижон» биздан бунақа ўйинни кутмагандир. Бу ерда барибир яхши мутахассис ишлайди. Ҳамма жойда яхши мутахассислар, лекин, барибир Вадим Карленовични жуда ҳурмат қиламан ва ғалаба билан табриклайман. Вадим Абрамов кўп нарсани кўрган. Мураббий ва инсон сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Бизни ўйинга қарши яхши тайёргарлик кўрган. Жамоаси кўп вазиятларда тайёр эди-да. Шунга қарамай, қийин бўлса-да, имкониятлар яратдик. Лекин унумли фойдалана олмадик. Бу ҳам футболнинг бир қисми.

- Бугун тўп билан яхши ўйнай оладиган иккала жамоа тўқнаш келишди. «Сурхон» рақибнинг қизил карточкасидан кейин яққол тўпга эгалик қилди. Бундай пайтларда асосан индивидуал маҳоратга эга бўлган футболчилар вазиятларни ҳал қилиб кетиши мумкин? Масалан, «Динамо»да Анвар Ҳожимирзаев шу вазифани бажарди. Жамоангизда эса Чинедунинг ўрни тўлдирилмагани кўринди.

- Тўғри, гапингизда жон бор. Жамоани яхши футболчи тарк этди. Бироқ бу футбол. 11 киши майдонга тушади. Бошқа позициядан ёш ўйинчини кашф қилишга ҳаракат қиламиз. Бу вазиятдан чиқиб кетишимиз керак. Ҳужумчини ўзимизни ичимиздан ёки имкони бўлса бошқа жойдан таклиф қиламиз.

- Беҳруз Каримов билан боғлиқ вазиятни кўпчилик сўраяпти. Унинг трансфери ҳал бўлдими ёки...

- Кўпроқ унга дам керак эди. Балки у ёқда қанақадир музокаралар бўляпти. Бу менинг ишим эмас. Ўзимни ишим бор, бутун бошли жамоа бор. Мавсум давомида тайёргарлик кўришимиз керак. Кўпроқ урғуни жамоага қаратяпман. Беҳрузга омад тилайман. Бизга кўп ёрдам берди, ўйинларда ва ғалабаларда ўз ҳиссасини қўшди. Агар имконияти бўлса, қайсидир яхши клубга бориб ўйнаса хурсанд бўламан.

- «Сурхон» ўз майдонида ўйнамаяпти, бу клубнинг доимий муаммоси. Барибир уйда мухлислари кўз ўнгида ўйнаш бошқача. Жамоа яна Тошкентда ўйнашда давом этадими ёки уйига қайтиши мумкинми?

- Албатта, гапингизга қўшиламан. Уйда деворлар ҳам ёрдам беради, дейишади. Бу тўғри гап, исботини топган. Бугун ҳам уйда ўйнаган бўлсак ҳам 90 фоиз мухлислар «Динамо»ни қўллаб-қувватлашди. Бу ўз сўзини айтди. Қайсидир вазиятларда футболчиларга руҳий ёрдам ҳам бўлади. Биз ҳам ўзимизда ўйнашни ҳавас қиламиз. Лекин ҳозир вазият шунақаки, бутун Ўзбекистонга қараганда, Термизда об-ҳаво иссиқроқ. Майдонга уруғ сепилганди, аммо иссиқлиги учун куйдириб юборди. Шу боис майдон тайёр эмас. Мен ҳам уйда, мухлисларимиз қўллаб-қувватлаши остида ўйнашни хоҳлардим. Мухлислар «Сурхон», «Сурхон» деб бақирса, бу ўйинчиларга қийин вазиятларда куч беради. Бу аниқ. Шу нарса ҳам бизга етишмаяпти. Лекин иложимиз йўқ, шу ҳолатдан ҳам тўғри ва унумли чиқишимиз керак», - дея Анвар Ғофуровнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Сурхон Сурхон
  • Динамо Динамо
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар