Бугун Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган сўнгги баҳс бўлиб ўтди. Самарқандда «Динамо» ва «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги учрашув жуда қизиқарли ва голларга бой ўтди. Унда мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада 14-тур якунига етди.
Муросасиз ўтган ўйиндан сўнг қўқонликлар бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ҳаммага хайрли кеч. Бугун футболчиларимдан бирортасига ҳам эътироз билдира олмайман. Улар майдонда бор кучини берди. Менимча, бу мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бири бўлди. Учрашув жуда қизиқ ва мазмунли ўтди. Фақат битта кичик алам бор: рақиб учта гол урди, биз эса иккита. Ростини айтсам, бугун омад биздан юз ўгирди. Биз бугунги мағлубиятга муносиб эмас эдик. Қўл қовуштириб ўтирмадик, ҳақиқий футбол ўйнадик, ҳаракат қилдик. Имкониятларни яратдик, ҳеч ким бизга тайёр ҳолда ҳеч нарса тақдим этмади. Футболда шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради.
Самарқанд жамоасини ғалаба билан табриклайман. Улар ҳам ҳужумда жуда яхши ўйин кўрсатишди. Қизиғи шундаки, Табатадзе, Нимели каби айрим ҳужумчилар асосий таркибда ўйинни бошламаган бўлса-да, жамоа ҳужумда яхши ҳаракат қилди.
Аммо мен учун улар икки нафар жуда яхши ҳужумчи. Сиз тўғри айтдингиз, мен бу ҳақда йиғинлар давомида ҳам айтганман: агар улар бошиданоқ жамоага қўшилганида эди... Нимели ҳам маълум маънода омад туфайли бизга келиб қолди. Фақат бир муаммо бор эди - улар машғулотларнинг катта қисмини ўтказиб юборишди. Агар бугун камида етмиш дақиқага тайёр бўлишганида, эҳтимол, асосий таркибда майдонга тушишарди.
Нимели 14 кун машғулотларда қатнашмади, бугун эса машғулотларга қайтганига атиги бешинчи кун бўлди. Тома билан ҳам шундай муаммо бўлди - у ҳам анча вақт машғулот ўтказмади. Шунинг учун бугун майдонга бошқа йигитларни туширдик. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, биз жуда тез гол урдик. Демак, қароримиз тўғри бўлган. Мен ўзимга ҳам, жамоага ҳам душман эмасман. Шу куни қайси футболчилар муайян позицияларда ўйнашга тайёр бўлса, ўшаларни таркибга киритдик.
Жавоҳир Сидиқов ҳам узоқ вақт майдондан четда қолган эди. Бугун эса кетма-кет учинчи ўйинида тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва деярли хато қилмади. Фақат 95-дақиқада алмаштириш имкони бўлмагани учун кичик хатога йўл қўйди. Яхшиямки, бу ҳал қилувчи хато бўлмади.
Бугун назаримда, таркибда беш нафар футболчи бўйича ротация қилдик. Жамоанинг ҳаракати яхши эди. Шунинг учун ҳужумчилар ҳақида айтган фикрингизга қўшиламан. Лекин бундай ҳужумчилар билан ҳам тўғри ишлаш керак. Улар бошқа жамоага тушиб қолса, эҳтимол ўз имкониятларини кўрсата олмаслиги ҳам мумкин. Мен ўзимни жуда катта мураббий деб ҳисобламайман, аммо бундай форвардлар билан ишлаш жуда қизиқ эканини яхши тушунаман.
- Мавсум бошида Қўқонда футболни ривожлантириш бўйича катта қизиқиш борлиги, хорижий инвесторлар клубни хусусийлаштиришни истаётгани ҳақида гаплар чиққан эди. Шу ҳақда маълумотингиз борми? Шунингдек, таркибда аввал Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнаган футболчилар ҳам бор. Бугун Ҳасанов, Нимели ва Годоев захирада қолди. Бу ҳам кўпчиликда савол уйғотди. Шу икки масалага изоҳ берсангиз.
- Мавсумнинг дастлабки икки ўйинини Қашқадарёда ва чемпионат етакчиларидан бирига қарши жуда оғир шароитда ўтказдик. Гадоев ҳақида айтсам, бу унинг биринчи марта асосий таркибда тушмаган ўйини. Шу вақтгача у Кубок баҳсларидан ташқари барча ўйинларда майдонга тушди.
Анас ҳақида гапирсак, у ўз вазифасини бажаряпти. Захирадан тушади ва гол уради. Баъзида айнан шундай футболчилар жуда керак бўлади. Бизда «асосий таркиб футболчиси» ёки «захира футболчиси» деган тушунча йўқ. Ҳар бир ўйинга алоҳида режа тузилади ва қайси вақтда ким жамоани кучайтириши ҳисобга олинади. Бугун ҳам режамиз айнан шундай эди. Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳаммаси режадагидек кечди. Биз ўйинни ёмон бошламадик. Яна такрорлайман, бугун биздан омад юз ўгирди. Қолаверса, рақиб дарвозабони фантастик ўйин намойиш қилди.
Инвесторлар масаласига келсак, турли тахминларсиз айтишим мумкинки, бу ҳақда мен ҳам худди сизлар каби интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали эшитганман. Ҳа, қандайдир вакиллар келган, инфратузилмани кўздан кечирган. Лекин ундан ортиқ маълумот менда йўқ.
Агар мақсад болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириб, кейин биринчи жамоани ҳам кучайтириш бўлса, бу албатта яхши ташаббус. Лекин Ўзбекистон футболи тарихини ҳамма яхши билади. Қайси клуб қаердан бошланганини ҳам яхши тушунамиз. Шунинг учун бу ҳақда баландпарвоз гапиришни истамайман.
Барча клубларга катта ҳурмат билан қарайман. «Қўқон», «Пахтакор», «Нефтчи», «Навбаҳор», кейин эса «Насаф», «Андижон» - буларнинг барчаси ўзбек футболида катта ўринга эга.
Менимча, Фарғона водийсида ҳозир жуда соғлом рақобат юзага келган. Андижонда ҳам, Наманганда ҳам, айниқса Фарғонада ҳам футболга катта эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳокимлари ҳам клубларнинг ривожланиши учун ҳаракат қиляпти. Улар ўзаро яхши маънодаги рақобатга киришган.
Биз эса гўё уларнинг ўртасида, Камчиқ довонига яқинроқ ҳудудда жойлашганмиз.
Мен бу жамоада атиги саккиз ойдан бери ишлаяпман. Ҳозирча жуда катта ўзгаришлар бўлди, деб айта олмайман. Яхши сифатли майдон бор, гарчи иссиқ туфайли бироз қуриб қолган бўлса ҳам. Машғулот ўтказиш учун ҳам яхши майдон мавжуд, лекин у стандарт ўлчамда эмас.
Бу саволни клуб раҳбариятига ёки вилоят раҳбарларига берганингиз маъқулроқ бўлади. Мен бу ерда шароит ёмон, ҳамма нарса ташландиқ ҳолда, деб айтолмайман. Лекин, эҳтимол, молиялаштириш билан боғлиқ масалалар бордир. Бу йил умуман молиялаштириш тизимида маълум ўзгаришлар бўлди, шунинг учун кўпчилик ўзини унчалик хотиржам ҳис қилмаяпти.
Шуни айтишим мумкинки, исм-фамилияларни айтмайман, аммо биз билан ишлаётган одамлар ҳаракат қиляпти. Ҳеч ким бизга орқа ўгиргани йўқ. Албатта, бизда ҳали Абу-Даби ёки Ал-Айндаги каби улкан футбол шаҳарчаси йўқ. Краснодар ёки Санкт-Петербургдагидек инфратузилма ҳам мавжуд эмас.
Балким, бу ишлар ҳозир ҳужжатлар имзоланиши ёки келишувлар босқичидадир. Бу энди менинг ваколатимга кирмайди. Умид қиламизки, бир куни бизда ҳам ҳақиқий футбол байрами бўлади», - дея Шипиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.
Андрей Шипилов: «Биз мағлубиятга муносиб эмасдик»
Эксклюзив
29 июл, 14:24
«Қўқон-1912» устози «Динамо»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Фото: Қўқон-1912 ПФК
29.07.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Динамо
3
:
2
Қўқон-1912