Водий дербисидаги «Нефтчи» ва «Навбаҳор» қарама-қаршилиги юқори темпда ўтди ва унда ғолиб аниқланмади – 1:1. Марказий тўқнашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманида наманганликлар устози Темур Кападзе фикрлари билан ўртоқлашди.
- Қизиқарли ўйин бўлди ва бу кутилганди ҳам. Иккала жамоа ҳам яхши. «Нефтчи» ўтган йилги чемпион, ҳозир ҳам яхши даражани кўрсатяпти. Лекин яхши тайёргарлик кўрдик. Албатта, охирги дақиқада гол ўтказиб юборганимиз аламли бўлди. Ғалабани қўлга киритишга ҳақли эдик. Имкониятларимиз ҳам бўлди, айниқса, иккинчи бўлимда. Гол уришимиз керак эди. Балки «Нефтчи» ҳам битта голга ҳақли бўлгандир. Умуман олганда, иккала жамоа ҳам яхши ўйин кўрсатди. Ўзи Фарғонада ўйнаш осон эмас. Шунга қарамасдан футболчилар кўрсатмаларимизни яхши бажаришди. Мухлисларимизга раҳмат айтаман. Шунча ишқибоз келди ва бизни қўллаб-қувватлашди. Уларга ғалаба тақдим қилмоқчи эдик, аммо дуранг бўлди. Кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз. Стадионга келган ҳар бир ишқибоз яхши ўйин гувоҳига айланишди. Захирадан майдонга тушган футболчилар яхши қўшилишди. Қувондиқ чиқди, Комиловни ҳимояга туширдик ва кучайтирдик. Шох ўртага тушди, менимча яхши бўлди. Улар тушганидан кейин ҳам имкониятларимиз бўлди. Кожо ҳам ҳал қилиши керак эди. Балки «Нефтчи»да ўйнаб кетгани учун жазоламади, албатта бу ҳазил. Ҳар бир футболчи майдонда борини беришди, яхши ҳаракат қилишди.
- Аббос Ғуломов кўринмади. Унда жароҳат борми?
- Аббосда жароҳат йўқ эди. Мураббийлар штаби билан қайси позицияга қанақа ўйинчилар кераклигини кўрдик. Таркибда ротация қилдик. Рўйхатда фақат 20 нафар футболчи бўлиши керак. Ҳар ўйинда ротация қилиб, кимгадир дам беряпмиз.
- Руслан Жиянов аввалига ҳимояда ёрдам берди, кейин олдинроққа ўтди. У ҳақида фикрингиз?
- Жияновни нимага қодирлигини биламиз. Қайси эпизодларда қанақа ўйнашини айтдим. Ҳимояга ҳам ёрдамлашди. Голдан кейин тайм охирларида «Нефтчи»да яхши ҳужумлар бўлди. Ўзимизни хатоларимиз эди. Биринчи бўлимдан кейин тўғри кўрсатма бердим. Иккинчи бўлимда менимча яхши ўйнадик, хатолар кам бўлди. Рақибга имкониятларни камроқ бердик. Фақат ўзимиз яратган имкониятлардан фойдаланишимиз керак эди.
- Жамоангизни 6 та ўйиндаги ғалабасиз сериясини нима билан изоҳлайсиз?
- Кўп футболчилар алмашяпти, келяпти. Бунга вақт кам. Ҳамма ҳар хил ҳолатда келяпти, кимдир кейин қўшиляпти. Кожо келди, кейин Жасур Жалолиддинов. У миллий жамоадан келганидан кейин деярли ҳеч нима қилмади. Аста-секин формага киради. Биз ҳам қараяпмиз, унга имконият беряпмиз, бунисига имконият беряпмиз. Камчиликларни кўряпмиз, тўғрилашга ҳаракат қиляпмиз. Менимча, релсга тушишимиз керак. Бизда яхши потенциал бор, ҳар тарафлама. Қолган ўйинларда нимадир етишмаяпти, бунинг устида ишлаяпмиз. Ҳаммаси жойига тушади. Қолаверса, уйимизга энди қайтяпмиз. Ҳамма учрашувларимиз сафарда ўтди. Мана, бугунги атмосферани қаранглар, «Нефтчи» учун қанчалик далда?! Балки ўйин бошқа жойда бўлганида улар охирида ўзлари учун куч топа олмасди. Барибир уйда ўйнаётгани жамоани олдинга чорлаяпти. Балки биз ҳам ОКМК, «Қизилқум»га қарши уйимизда мана шундай қўллаб-қувватлаш остида ўйнаганимизда бошқача бўларди. Бу рақибга босим ва ўз жамоасига қўшимча куч беради. Насиб бўлса, кейинги учрашувни уйда ўйнаймиз. Майдон ҳолати кундан-кунга яхшиланяпти. Барибир трибунани, мухлисларни сезган футболчи бошқача ҳаракат қилади. Бизга озига вақт керак, тушуниб турибмиз. Таркиб 90 фоиз алмашди. Жамоа аста-секин тузиляпти. Бу бир кунлик иш эмас. Биз тўғри йўлдамиз. Раҳбарият ҳам қараяпти ва тўғри тушуниб бизни қўллаяпти.
- «Cooling Break»дан кейин ўйин темпи бироз пасайди. Бунга фикрингиз қандай?
- Кўраётган бўлсанглар ўйин темпида ҳозир ҳамма нарсани қисқартиришяпти. Сонияларда, тезроқ бошлаш керак. Кимдир жароҳат олса ва майдонга шифокорлар чиқса у ҳам зарарга ишлаяпти. Жамоа бир футболчи кам 10 киши қоляпти. Бу мантиқсиз. Жароҳат олиб ўзидан-ўзи ётмаяпти. Ҳа, шунчаки ётиб оладиганлар бўлса тушунаман, уни жазолаш мумкин. Паузалар кимгадир қўл келиши, кимгадир зарарга хизмати қилиши бор гап.
- «Навбаҳор» бир очко олдими ёки икки очко йўқотдими?
- Албатта, «Нефтчи»да ҳам биринчи бўлимда бир-иккита яхши вазиятлари бўлди. Менимча, биз бугун ғалаба учун ҳақли эдик. Охирги сонияда стандартдан гол ўтказиб юборганимиз бу албатта аламли. Тўғри, қаердадир омад ҳам биз тарафда бўлди. Жамоамизда ҳам яхши имкониятлар юзага келди. 1:0 ҳисобида ютаётганимизда яна уришимиз керак эди. Ҳаммаси ҳал бўларди. 1:0 эса рақиб жамоани ҳам тонусда ушлаб туради. Стандартда ўзимиз хато қилдик. Яхшироқ ўйнасак бўларди. Охирида гол ўтказиб юборилгач, табиийки ғалабани қўлдан чиқардик десак бўлади», - дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.