«Насаф» клуби Суперлига 27-турида Бухорода (1:0) ягона гол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритди.
Ушбу ғалабадан кейин меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.
— Аввало, бугунги ғалаба учун йигитларимга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чунки биз узоқ сафарлардан йўл босиб келдик. Ҳатто, 8 соатлаб аэропортда тўхташимизга тўғри келди. Шунга қарамай, футболчилар майдонда жанг қилишди, характер кўрсатишди ва муҳим ғалабага эришдик. Ўйинга келсак, менимча, бундан бошқача ҳам бўлмаслиги керак эди. Узун тўплар, курашлар, стандарт вазиятлар. Кўпроқ шунга урғу берилган ўйин бўлди. Мухлисларни ва барча клуб аъзоларини табриклайман.
— Зафармурод Абдураҳматов майдонга тушмади. Бу чарчоқ билан боғлиқми ёки спорт формасида ўзгариш борми?
— Зафармурод ва Сардор Баҳромов иккаласи бизда йўқотиш эди. Олдинги ўйинда Баҳромовда жароҳати борлиги учун захирага олгандик. Абдураҳматовнинг оёғида енгил жароҳат борлиги учун бугун таваккал қилмадик. Бундан ташқари, Мурод Раҳматов ўйнамади. Шунга қарамай, йигитлар ҳохиш ва иштиёқ топишди.
— Сиз билан Миржалол Қосимовни Карло Анчелотти ва Хосеп Гвардиолага ўхшатаман. Уларни фаолиятида дам олиш ҳолатлари кузатилиб турилади. Масалан, сизда ҳам қачондир бир-икки йил дам олиш, фарзандлари, набиралари даврасида вақт ўтказяпти, деган ҳолат юзага келадими?
— Албатта, биз ҳам чарчаймиз. Дам олишни истагандим. Ўтган сафар бу ҳақида гапирдим. Танаффус ёмон бўлмасди. Бу саволга қисқагина айтаман: жамоага қанча керак бўлса, шунча ёрдам бераман.
Яна бир нарсани таъкидлаб ўтишим керак, шахсан ўзим иккала жамоа футболчиларидан узр сўрайман. Бунақа майдонда футбол ўйнашга мажбур қилаётганимиз...Бундай майдонни яқин атрофда кўрмагандим. Футболчиларнинг бу майдонга чиқиб ўйнаши ҳам жасорат. Мураббий сифатида иккала жамоа ўйинчиларидан узр сўрайман, бунақа майдонда уларни ўйнатишга мажбур қиляпмиз. Бу жуда оғир. Майдон ҳолати яхшиланади, деб ўйлайман», — дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Рўзиқул Бердиев: «Мураббий сифатида ҳар иккала жамоа футболчиларидан узр сўрайман»
Футбол
8 ноябр, 15:10
«Насаф» устози Бухородаги ғалабадан сўнг фикрлари билан ўртоқлашди.
Foto: FC Nasaf